Иқтисодиёт | 16:23 / 28.09.2021
28785
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи пасайди. Қимматбаҳо металл билан боғлиқ нималарни билиш муҳим?

Тижорат банкларидан олтин қуймаларини сотиб олиш имкони пайдо бўлганига қарийб бир йил бўлди. Бу вақт ичида олтин қуймаларининг нархи пасайди, унга инвестиция киритганлар реал қийматда 8–13 фоиз маблағларини йўқотишди, деса ҳам бўлади. Олтинга инвестиция киритиш ва бу қимматбаҳо металл атрофида қандай муҳим кейслар бор? Kun.uz олтин ва ундан жамғариш воситаси сифатида фойдаланиш борасидаги мулоҳазаларни илгари суради.

Фото: Shutterstock

Одамлар пулини қаерда сақлайди?

Қўлида ўз эҳтиёжидан ортиқча пули бўлган одамлар инфляция туфайли маблағи емирилиб кетмаслиги учун уни жамғариш инструментларидан бирига тикишади. Кимдир кўчмас мулк, яна кимдир облигацияларга. Ўзбекистон шароитида эса сўмни доллар қилиб қўйиш – пул жамғаришнинг асосий воситасига айланган.

2020 йил ноябридан бошлаб ўзбекистонликларда пулни олтинга тикиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Марказий банк 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймалари тижорат банклари орқали сотувга чиқарилишини маълум қилди.

Олтин қуймалари нархлари Халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра, нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

10 ой: нархлар пасайиши ва олтинга оид тенденция

Kun.uz олтин қуймалари сотувга чиққан пайтдан бошлаб 10 ойлик нархлар статистикасини ўрганди. Кузатувлар бу давр ичида олтин қуймалари нархи номинал қийматда сезилмас арзонлаганига қарамай, реал қийматда анча пасайиб кетганини кўрсатди.

2020 йил ноябрдан 2021 йил сентябргача Марказий банк чиқарган олтин қуймалари нархлари ўзгариши

*Кўрсаткичлар ҳар ойнинг 3-санасига мувофиқ олинди. Чунки Марказий банк олтин қуймалари нархини 3 ноябрдан эълон қила бошлаган (Январ, апрел ва сентябр ойлари учун мувофиқ кўрсаткичлар олинди).

5 грамм ўлчовли олтин қуймаси илк бор 2020 йил ноябрда сотувга чиққанида 3 млн 426 минг сўм бўлган бўлса, сентябрнинг бошида номинал қийматда 5,6 фоизга, реал қийматда 13,4 фоизга арзонлаган. 20 граммлик олтин қуймасида ҳам 12 фоиз пасайишни кўриш мумкин. Гарчи 10 ва 50 граммлик олтин қуймалари номинал қийматда сезиларсиз даражада арзонлаган бўлса-да, реал қийматда 8,8 ва 10 фоизга арзонлаган. Бу ўтган йил ноябрда олтин қуймаларини сотиб олган одам ҳозир маблағининг 8-13 фоизини йўқотганини англатади (олтин қуймасининг қайси ўлчовдагисини ва қанча миқдорда сотиб олганига қараб).

Юқорида таъкидланганидек, олтин қуймалари нархларини на Ўзбекистон Марказий банки ва на бошқа банклар мустақил белгилайди. Олтин нархлари Халқаро қимматбаҳо металлар бозори нархларидан келиб чиқиб, ҳар куни ўзгариб боради.

Goldprice.com маълумотларига кўра, охирги олти ойда олтиннинг 1 унцияси 0,6 фоиз қимматлаганига қарамай, бир йилда сезиларли арзонлаган: 6,2 фоиз.

Бироқ шу ўринда, олтиннинг 5 йилликда 30 фоиз, 20 йилликда эса 506 фоизга қимматлаганини таъкидлаш лозим.

Олтин нархлари. 25 сентябр ҳолатига кўра.
Манба: goldprice.com

“Одамлар кўпроқ олтинга ишонишни бошлаши, иқтисодиётда одатий инвестицион соҳалар риски ошганидан дарак беради”

Жанубий Кореянинг Жеонбук миллий университети (Jeonbuk national university) магистранти, иқтисодчи Миркомил Холбоев Kun.uz билан суҳбатда олтинга инқирозлар пайтида инвестициялар оқиб келиши сабаблари ҳақида гапирди.

“Тасаввур қилинг, кўпчилик олтин сотиб олишни бошлади, бу пул ёки одамларнинг жамғармаси бир жойдан бошқа жойга, қайсидир жамғариш воситасидан бошқа жамғариш воситасига кўчиб ўтаётганини англатади. Олтин пулни жамғариш воситаси, холос.

Агар одамлар кўпроқ олтинга ишонишни бошласа, бу иқтисодиётда одатий Инвестицион соҳалар риски ошганлигини англатади. Шунинг учун одамлар пулини сақлаб қолиш учун кўпроқ олтин, қимматбаҳо металларга ёки охирги инқирозда бўлгандек биткоинга тикишга ҳаракат қилади.

Ана шундай вақтда олтин нархи ошади. Бошқа бизнеслар ёки фаолиятларда инвестиция ҳажми камайишни бошлайди. Баъзиларида ўсиш секинлашса, бошқаларида акциялар нархи тушишига ўхшаш ҳолатлар кузатилади.

Олтин баҳоси ошиши инқирозлар даврида одатий ҳолга айланиб қолган. Инқироз бошланиши билан кўпчиликда келажакка бўлган ноаниқлик ошади. Яъни қандайдир инқироз бошланди, масалан, пандемия. Бу пайтда одамларда бизнесга пул тикишга ёки умуман харажат қилишга бўлган истак сезиларли даражада пасаяди. Шу сабабли, одамлар пулини йўқотиб қўймаслик ва инфляция билан емирилиб кетмаслиги учун ўзларига safe heaven – “хавфсиз бошпана” излашни бошлайди. Тарихан исботланган, кўпчилик қадимдан ишониб келадиган восита – бу шубҳасиз олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар ҳисобланади. Шунақа металларга пул тикишга ҳаракат қилишади”, – дейди у.

Олтинга пул тикиш фойдалими?

Бугун пулига олтин сотиб олган киши қанча фойда кўриши мумкин? У жамғариш воситаси сифатида фойдалими? Kun.uz бу борада иқтисодчи ва мутахассислар фикри билан қизиқди.

“Ҳамма ҳам пул тикиб пул топа олмайди, одамларга рисклар тушунтирилиши керак” – молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов:

Хомашё бўладими ёки қимматли қоғозларми, инвестиция сифатида ишлатганда ҳар бирининг юқорига чиқиш ва пастга тушиш хавфлари бўлади. Шу сабабли молиявий саводхонликка кўп урғу бераман.

Ҳамма ҳам пул тикиб пул тополмайди. Бунинг учун керакли инструментларга пул тикиш керак. Бу бўйича ривожланган давлатлар ҳам ретаил инвесторни (халқни) ўзининг пулини инвестиция қилаётганда, мана шу тушиш ва кўтарилиш рискларидан огоҳ қилган ҳолда, шундай хавфларга рози бўлсагина инвестиция қилишга чорлайди. Масалан, Америкада брокерлар шундай рисклар ҳисобига ҳаммага ҳам ўзининг маҳсулотини таклиф қилмайди.

Олтин нархига келадиган бўлсак, у глобал конъюнктурага қараб ўзгаради. Лондон металл exchange’да олтиннинг нархи жуда кўп омиллар - инфляцион босимлар, АҚШ Марказий банки сиёсатига қараб доим ўзгариб боради. Шу сабабли ҳар бир молиявий инструмент (ETF, облигация, акция бўладими) юқорига ҳам, пастга ҳам тушиши мумкин. Ҳар доим шундай инструментлар пайдо бўлганда, ҳар бир брокер аҳолидан бир сўм пул олишдан олдин мана шу рискларни тўлиқ тушунтириб, рози бўлгандан кейин ундан пулини олиб акцияга қўйиши керак. Йўқса, бу нотўғри бўлади.

“Олтин узоқ муддатда фойда келтирадиган инструмент” – иқтисодчи Отабек Бакиров

Олтинга инвестиция киритишда энг муҳим омил – бу пулларнинг узунлиги. Қисқа пуллар билан олтин сотиб олмаслик керак. Халқ тилида айтганда, эртага ёки индинга, бир ойдан кейин, 6 ойдан кейин ишлатилиши мўлжалланган пулларга олтин сотиб олмаслик керак. Олтин узоқ муддатли трендда фойда келтирадиган восита.

“Келажакда ниманинг нархи қанча бўлишини ҳеч ким айта олмайди” – иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов

Олтинга пул тикиш керакми деган саволга мен жавоб бермаган бўлар эдим. Қаерга пулни йўналтириш бу - ўта шахсий қарор ва иқтисодчилар ёки бошқа одамлар қаерга пул тикиш керак деган саволга жавоб бермаганлари яхши. Келажакда ниманинг нархи қимматроқ бўлишини: олтин ёки доллар, ёхуд бошқа инструментлар – мен билмайман, энг муҳими, ҳеч ким билмайди. Агар кимдир аниқ биламан деса, ундан нима учун бор маблағини ўша ерга тикмаслигини сўраш лозим.

Олтин, акция ёки облигация – қайси бири энг яхши жамғариш воситаси?

Investopia мутахассислари олтинни узоқ муддатли инвестиция сифатида баҳолаганда, асосан маълум вақт оралиғида облигация, олтин ва акцияларнинг нархлари қандай ўсганига эътибор қаратади.

“Олтинни узоқ муддатли инвестиция сифатида баҳолаганда, бу таҳлил қилинаётган вақтга боғлиқлигини айтиш лозим. Масалан, 30 йиллик давр мобайнида акциялар олтиндан яхшироқ ва облигациялар билан бир хил эди. Лекин 15 йиллик даврда олтин қимматли қоғозлар ва облигацияларга қараганда яхшироқ жамғариш воситасига айланди.

1990 йилдан 2020 йилгача олтин нархи тахминан 360 фоизга ошди . Шу даврда Dow Jones Industrial Average – DJIA (фонд бозори индекси) 991 фоизга ўсди.

Агар биз 2005 йилдан 2020 йилгача бўлган 15 йилликни олсак, олтин нархи 330 фоизга ошган, шу даврда DJIA нархлари атиги 153 фоизга ўсган.

Шундай қилиб, узоқ муддат давомида қимматли қоғозлар олтиндан 3 баробарга ўзиб кетгандек туюлади, лекин қисқа даврда олтинда устунлик кўпроқ. Ҳақиқатан, 1920-йиллардан бошаб қарайдиган бўлсак, акциялар олтинни чангда қолдириб юборганига гувоҳ бўламиз.

Облигацияларга келсак, 1920 йилдан 2020 йилга қадар инвестиция даражасидаги корпоратив облигацияларнинг ўртача йиллик рентабеллиги 5 фоиз атрофида бўлган. Бу шуни англатадики, сўнгги 30 йил ичида корпоратив облигациялар рентабеллиги 330 фоиз атрофида – олтиндан бироз пастроқ бўлган. 15 йиллик давр мобайнида облигациялар рентабеллиги акциялар ва олтиндан паст бўлган”, – дейилади Investopedia таҳлилида.

Мадина Очилова тайёрлади

Мавзуга оид