Ўзбекистон | 17:41 / 29.09.2021
19086
3 дақиқада ўқилади

Пахта далаларида терим авжида. Ғарамлар нега дўппи шаклида?

Айни кунларда пахта терими авж паллага келган. Биз Андижон вилояти Балиқчи тумани далаларида пахта тераётган комбайнчилар билан суҳбатлашиб, сўнг пахта қабул қилиш шохобчасидаги жараён, хусусан осмонўпар ғарам (бунт)лар қандай юзага келиши билан танишдик.

Балиқчи тумани далаларида Case ва John Deere комбайнлари иш олиб бормоқда. Ҳайдовчи Ботиржон Қурбонов ўзи бошқараётган Case комбайнининг имкониятлари ҳақида гапириб берди.

“Мана шу олти қаторли комбайнда икки йилдан бери пахта тераман. Техникамиз барча қулайликларга эга. Кондиционер, терим суръатини – қанча гектарда, неча тонна пахта терилгани ҳақида маълумотлар берувчи ва орқа томондаги ҳолатларни кўрсатувчи мониторлар ишлаб турибди.

Комбайнимиз пахта даласида 4 км/соат тезликда пахта теради. Асфальт йўлда 20–25 тезликка чиқиш имконияти бор. Комбайнимда астойдил ҳаракат қилсам, бир кунда 10–12 гектар пахта тераман. 12 гектар майдондан 50–55 тонна пахта чиқади. Шу ерни қўлда одамлар терадиган бўлса, 200та одам 4 кун меҳнат қилиши керак. Комбайнда ишлаш осон, мен роҳатланиб ишлаб, ҳеч чарчамайман”, –дейди Ботиржон Ҳайдаров.

Яна бир ҳайдовчи-оператор Бекзодбек Латипов эса John Deere комбайнини ҳайдайди. Океанортидан келтирилган бу агрегатнинг ўзига хос томонлари бор. У пахтани нисбатан тозароқ ва кун давомида кўпроқ майдонни теради. Асосий устунлиги – терилган пахтани икки тоннадан икки ярим тоннагача узунчоқ шаклда қадоқлаб ҳам беради. Бу эса хомашёни ташишда, прицепларга юклашда жуда қулай.

Пахта қабул қилиш масканида

Биз Балиқчи тумани Чинобод шаҳарчасидаги “Tetratex” пахта қабул қилиш масканидамиз. Бу ерда шакли худди ўзбек дўпписи сингари пахта ғарамлари кўкка қараб бўй чўзган.

Пахта қабул қилиш масканига етказиб келинган хомашё тарозида тортилиб, олинган намуна лабораторияда таҳлил қилиниб, пахтадан ғарамлар қилинади.

“Бизнинг вазифамиз – пахта далаларидан ташиб келинаётган чигитли пахталарни ғарамлаб, сифатли сақлаб, ишлаб чиқаришга етказиб бериш. Ғарамларимиз 250 тоннадан 500 тоннагача пахталардан ташкил топган.

Бунтларни ёмғирли, қорли кунларда сифатли сақлаш учун шакли тўртбурчак, худди ўзбек дўпписига ўхшатиб – тепаси учли, пастки томони тўртбурчак қилинади.

Бу шакл ёғингарчилик кунларида бунтдаги пахта нам бўлишининг олдини олишга ва хомашёни сифатли сақлашга ёрдам беради. Битта ғарамни шу ҳолатга келтириш учун 8 киши, оператор билан 9 киши меҳнат қилади. Ғарам пахта хомашёсини келгуси йил март-апрель ойларигача сифатли сақлаб беради”, – дейди “Tetratex” пахта қабул қилиш маскани мудири Баҳодиржон Аҳмаджонов.

Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид