Жамият | 19:13 / 29.09.2021
1949
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда эркак ярашиш таклифини рад этган хотини ва унинг акасини пичоқлади

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эр хотинига ярашиш таклифини билдирган ва уни уйига чақирган. Хотини рад жавобини бергач, эркак аввал уни, сўнг шу ерда бўлган қайноғасини пичоқлаган. Оқибатда қайноғаси вафот этган. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан, жавобгар эр А.Б. қарамоғида қолган икки нафар фарзандни турмуш ўртоғи З.Б. тарбиясига олиб бериш белгиланган. Суд қарори бўйича МИБ Каттақўрғон тумани бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Қайд этилишича, жорий йил 28 сентябрь куни жавобгар А.Б. давлат ижрочисига бир неча маротаба қўнғироқ қилиб, болаларни турмуш ўртоғи даъвогар З.Б.га ихтиёрий равишда топширишини ва у билан ярашишга қарор қилганини билдирган. Сўнг давлат ижрочилари турмуш ўртоғини уйига таклиф этган.

Давлат ижрочилари ҳамда даъвогар З.Б. манзилга етиб келгач,  А.Б. хотинига ярашиш ва бирга яшашни таклиф қилган. Аммо З.Б. бу таклифни рад этган. Хотинидан рад жавобини олган А.Б. уйдан ошхона пичоғини олиб чиқиб, аёлга ва унинг акаси Т.Н.га ҳам бир неча марта санчган.

Оқибатда З.Б. ва Т.Н. оғир тан жароҳатлари билан Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, аёлнинг акаси Т.Н. вафот этган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. А.Б. гумонланувчи тариқасида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид