Жаҳон | 21:10 / 29.09.2021
15887
2 дақиқада ўқилади

Толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг мамлакатда гиёҳвандлик моддалари нархи кескин кўтарилди – AFP  

Маҳаллий сотувчиларнинг сўзларига кўра, нархлар уч бараварга ошган.

 Афғонистонда «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан сўнг қора бозорда афюн ва бошқа гиёҳвандлик моддалари нархи кескин кўтарилди, деб хабар берди AFP.

Маҳаллий сотувчиларнинг сўзларига кўра, нархлар уч бараварга ошган. Қайд этилишича, ҳозирда контрабандачилар афюн тайёрловчиларга 1 кило маҳсулот учун 100 доллардан тўламоқда, Европа қора бозорида эса унинг 1 грамми нархи 50 доллардан ошади.

Агентликнинг ёзишича, гиёҳвандлик моддалари нархи кўтарилишига об-ҳаво шароитлари, мамлакатдаги беқарор вазият ва ташқи чегараларнинг ёпилиши сабаб бўлган. Аммо агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, бунинг асосий сабаби «Толибон» расмий вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг ўтган ойда берган баёнотидир. У толиблар гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши фаол кураш бошлашини айтганди.

БМТнинг гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, Афғонистонда сўнгги 20 йилда кўкнори етиштириш ҳажми сезиларли даражада ошган. 2020 йилда 2019 йилдагига нисбатан 37 фоизга кўпроқ кўкнори етиштирилган.

2015 йилдан 2020 йилгача бутун дунёда ишлаб чиқарилган афюннинг 83 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келган.

«2019 йилда дунёдаги кўкнори майдонларининг 69 фоизи Афғонистон, 14 фоизи Мянма ва 9 фоизи Мексикада жойлашган», — дейилади БМТ бошқармаси ҳисоботида.

Мавзуга оид