Ўзбекистон | 19:32 / 29.09.2021
4429
2 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари қотилликлар оила доирасида бўлаётгани боис профилактика инспекторлари уларнинг олдини ололмаётганини айтди

Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақовнинг айтишича, қотилликлар ва оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар оила доирасида содир этилаётгани сабабли профилактика инспекторлари ушбу жиноятларнинг олдини ололмаяпти. У бу ҳақда 29 сентябрь куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисидаги чиқишида маълум қилди.

“Қотиллик жиноятлари оила, турмуш даражасида содир этиляпти. Тўғри, бунинг олдини олиш керак, лекин аксарият ҳолларда оғир тан жароҳати етказиш ёки қотиллик жиноятлари хонадонда ёки қўни-қўшнилар ёки тунги вақтларда эр-хотин ўртасида юз бермоқда. Кўпинча профилактика инспекторининг жисмоний жиҳатдан бунинг олдини олишга имконияти ҳам бўлмаяпти.

Аксарият ҳолларда бундай ҳодисалар хонадон ичида рўй бергани учун ҳам уларнинг олдини олишда айрим муаммолар мавжуд. Буни энди реал олиб қарашимиз керак. Профилактика имконияти ҳам йўқ, жиноят содир этилган ҳудуддан 1-2 км олисда бўлса, жиноятнинг олдини олишга умуман вақти ҳам бўлмайди”, дея ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раиси Танзила Норбоева вазир ўринбосарининг ушбу сўзларига нисбатан эътироз билдирди.

“Тўртта деворнинг ичида эр-хотин уришиши ёки қариндош-уруғларнинг бир-бири билан можарога бориши барибир ишсизликдан ёхуд қандайдир муаммолари борлигидан, тўғрими? “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га киритилган масалалар бўйича маҳалла, профилактика инспектори – ҳамма индивидуал ишласа, ўша можароларга ҳам ўрин қолмасди, сизларга ҳам иш қолмасди. Шунинг учун биргаликда ҳамкорликни кучайтириш керак”, дейди Танзила Норбоева.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид