Жамият | 20:24 / 01.10.2021
8430
5 дақиқада ўқилади

Имконияти чекланган болаларнинг меҳри чексиз устозлари. Ғамгин кириб, хурсанд чиқиладиган мактабдан репортаж

Жисмоний имкониятлари чекланган болалар ҳам бошқалар қатори таълим олишга ва мавжуд имкониятлардан фойдаланишга ҳақли. Уларнинг илм олиб, касб-ҳунар ўрганиши, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши эса бир касб эгаларининг саъй-ҳаракатлари ва машаққатли меҳнатига боғлиқ. Улар устоз ва мураббийлар. Навоий вилояти Кармана туманидаги 25-махсус мактаб-интернатида бўлиб, айнан мана шундай фидокор устозлар фаолияти билан танишдик.

Махсус мактаб-интернатдаги дарс жараёнлари оддий мактабларникидан фарқ қилади, чунки бу ерда эшитиш қобилиятида нуқсони бор болалар таълим олади. Уларга таълим бериш, нутқини ривожлантириш эса ўқитувчилардан алоҳида масъулият ва маҳорат талаб қилади.

Синф хоналарида кўпи билан 12 нафар ўқувчи бўлади. Парталар ҳам кетма-кетлик билан эмас, барча ўқувчи устозининг юзини бир хилда кўра олиши учун ноодатий тарзда қўйилган. Чунки ўқитувчи дарсни болаларга кўпроқ қўл ва лаб ҳаракатлари орқали тушунтиради. Эшитиш қобилияти суст ёки умуман бўлмаган болалар ҳар бир мавзуни аввало кўриш орқали тушунади. Бу жараёнда дарсни ўқувчига тушунтириш педагог учун ҳам осон эмас.

Мактаб-интернатда қарийб 35 йилдан буён дарс бериб келаётган бошланғич синф ўқитувчиси Дилрабо Сафоеванинг таъкидлашича, таълим масканига қабул қилинган болалар ўқиш ва ёзишни билмаган ҳолда келишади.

«Уларнинг саводини чиқаришни аввало овоз ва нафас машқлари, қўл ҳаракатларидан бошлаймиз. Ўқувчиларимизга икки босқичда таълим берамиз. Биринчи босқичда уларга ўқув қуролларини, атрофдаги предметларни мимика орқали тушунтириб, ҳис қилишга ўргатамиз. Иккинчи босқичда эса нутқида нуқсони борлиги учун алифбо орқали саводини чиқарамиз. Ҳозирда 1-синфга қабул қилган ўқувчиларимизни мактаб ҳаётига тайёрлаяпмиз, ошхона, ётоқхонага мослаштиряпмиз. Ўқувчиларимиз эшитмаса, гапира олмайди. Буни бартараф қилиш учун кўргазмали қуроллардан фойдаланамиз. Эшитиш қобилияти суст бўлган болалар кўриш орқали фанни ҳам, сўзни ҳам ўргана олади. Оддий мактабларда ўқитувчи мавзуни бир марта айтса, биз 4-5 марта қайтарамиз. Ўқувчиларимиз ўз уйларида яқинлари томонидан алоҳида эътиборда бўлган. Шу сабабли бу ерда ишловчи ўқитувчилардан кўпроқ меҳрибонлик, асабийлашмаслик, сабр-тоқат талаб қилинади», дейди тажрибали педагог.

Мактаб-интернатига вилоятнинг турли ҳудудларидан ўқувчилар қабул қилинади. Бу ерда юқори ва бошланғич синфлар учун ўқув бинолари, қиз ва ўғил болалар учун алоҳида ётоқхоналар, ошхона, спорт ва машғулот майдончалари ташкил қилинган. Ўқувчилар шу ерда яшаб, таълим олишади. Шу сабабли тарбиячи ва педагоглар болалар учун ота-онадек қадрдон бўлиб кетишган.

«Ўқувчиларимиз орасида эшитмайдиган, чала эшитадиган, умуман гапирмайдиган болалар кўп. Уларнинг тилини, ҳис-туйғуларини билмасдим. Аввалига мулоқотга киришиш усулларини ўрганиб, кейин улар билан муомала қила бошладим. Бундай ўқувчилар билан ишлашдан олдин ўқитувчидан ҳар доим дарсга яхши кайфиятда келиши талаб қилинади. Чунки болалар шунчалик меҳр кўзи билан қарайдики, сиздан ҳам меҳр кутади. Ҳаттоки ота-оналари улар билан биз каби мулоқотга кириша олмайди. Уйига жўнатган вақтимизда айрим ота-оналар фарзандининг нима истаётганлигини тушунмасдан, телефон орқали биздан сўрашади. Ўқувчиларимнинг эслаб қолиш қобилияти жуда ҳам кучли. Ҳар бир ҳаракатингизни эслатиб туришади», дейди ўқитувчи Зарина Баратова.

Мактаб-интернатида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки бундай ўқувчиларнинг фанни ўзлаштириши ҳамда ОТМга ўқишга кириши бироз қийинроқ. Айни пайтда қизлар учун тикувчилик, ўғил болалар учун кулолчилик, заргарлик тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Ҳатто ушбу тўгаракларда тайёрланган маҳсулотларни ички бозорда сотиш ҳам йўлга қўйилган.

25-махсус мактаб-интернати директори Азим Жумаевнинг маълум қилишича, 1973 йилдан буён фаолият кўрсатаётган ўқув даргоҳида ҳозирда 265 нафар ўқувчига 75 нафар педагог таълим бермоқда. Жорий йилда инвестиция дастури асосида 180 ўринли ўқув бино ва 100 ўринли ётоқхона биноси қуриб, фойдаланишга топширилган. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги томонидан 108 нафар ўқувчига индивидуал овоз кучайтирувчи мослама, «Замин» фонди томонидан замонавий русумдаги компьютерлар тақдим қилинган.

Хуллас, мактаб-интернатига кириб борган инсон дилида аввалига ғамгинлик бўлади. Бироқ у ердаги муҳит, болаларнинг интилувчанлиги, бир-бирига бўлган меҳрибонлиги, ўқитувчининг ўқувчига муносабати ҳамда ўқувчининг ўқитувчига ҳурматини кўриб, ғамгинлик ўрнини яхши кайфият эгаллайди.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид