Жамият | 16:10 / 01.10.2021
30175
9 дақиқада ўқилади

Ўзгача мактаб: кўзи ожизлар таълим даргоҳига борганмисиз?

Биз борган мактабда деярли ҳамма нарса ўзгача эди. Дафтар-қалам, китоб, доска бошқача, ҳатто ёзув ҳам ўзгача... Бир-бирининг қўлини тутиб юрувчи ўқувчилар ҳам бошқа – товушлар оламида яшайди.

Бу таълим маскани ўқитувчиларини нафақат устоз деб, балки имконияти чекланган шогирдларини орзулар сари интилиб, эртанги яхши кунларга ишонишга, дунёни тафаккур ва тасаввур билан англашга кўмак берувчи фидойилар деб аташ мумкин.

Биз Асакадаги 16-сонли имконияти чекланган кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатидамиз.

Мазкур ихтисослашган мактабда 171 нафар имконияти чекланган болажонга 74 нафар ўқитувчи ва тарбиячилар таълим-тарбия бериш билан бирга, ҳаёт сўқмоқларида қоқилмай яшаш сирларини ўргатадилар.

Биз таълим даргоҳидаги ўзига хос тарбия бериш услублари ва ўқувчиларнинг ҳаёти билан танишдик.

“Ота-оналар болаларининг кўзлари ногирон бўлиб туғилганликларидан қаттиқ изтиробга тушишади. Минг ўй билан бизнинг мактабга олиб келишгач, орадан кўп вақт ўтмай фарзандининг билим олишдаги кичик муваффақиятлари уларни қувонтириб, боласининг келажаги ҳақида ўйлай бошлашади.

Менинг ўқувчиларим жудаям сезгир, иқтидорли ва ғайратли. Бир ўқувчи қизим уйида қўшни қиз билан дарахтнинг қандай экани ҳақида баҳслашиб кетибди. Ота-она уни зимдан кузатиб турган экан. Ўқувчим дарахтни шундай тасвирлаб берибдики, ҳатто ёнидаги кўзи соғлом ўртоғи дарахтнинг бундай чиройлилигини ақлига ҳам сиғдира олмаган экан. Ота-она менинг олдимга келиб, боласининг шундай гаплар гапирганидан, дарахтни шундай тасвирлаб берганидан хурсанд бўлди ва раҳмат айтди”, – дейди бошланғич синф ўқитувчиси Солияхон Раҳимова.

Солияхоннинг синфидаги дарс жараёнида бўлиб, ўқитувчи ёрдамида болаларнинг турли предметларни сўз орқали қандай тасвирлаганига гувоҳ бўлдик. Болалар дарсда жуда фаол қатнашишади. Уларнинг билимга чанқоқлигидан ҳайратланиш мумкин.

Кўзи ожизлар ҳарф ёзадиган қалам игнали ускуна бўлиб, грифель деб номланади. Дафтар вароғига махсус прибор жойланади ва ҳарфлар ўйиб ёзилади. Катак ичидаги нуқталардан ҳарфлар пайдо бўлади. Масалан, “а” ҳарфи битта нуқтадан иборат, “о” ҳарфи – учта нуқта. 63 та комбинациядан иборат мазкур ёзув Брайл ёзуви деб аталади.

11-синфларда ўтаётган кимё дарсига ҳам кирдик. Битирувчилар кимёвий унсурлар ва реакцияларни ўрганишмоқда. Дарс жараёнида қўлда пайпаслаб тушунча ҳосил қилиш учун кўргазмали қуроллар жуда қўл келар экан.

Мана шу масканда ўқиб, сўнг ўқитувчилик касбини танлаган, айни пайтда болаларга дарс бериб, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонини олган ёш муаллим Абдувосит Абдураҳмонов билан суҳбатлашдик.

“Шу даргоҳда ўқиганман. Ота-онам дастлаб бу ерга олиб келишга бироз ўйланишган, сабаби менинг кўнглимга қарашган, лекин вақти келиб, улар журъат билан мени шу мактаб-интернатга беришди. Устозларим ёрдамида фанларни ўзлаштира бошладим, уларнинг ёрдами билан атроф-муҳитни, табиатни англаб, тафаккурим уйғонди ва борлиқни тасаввур қила бошладим.

Кўзим ожиз бўлса-да, устозларим меҳнати билан қалб кўзим очилди. Мактабни якунлаб, устозларим берган билим асосида, Андижон давлат университетида ўқишни давом эттирдим.

7 йилдирки, ушбу мактаб-интернатимизда ўз фаолиятимни олиб бормоқдаман. 2021 йил мен учун жуда омадли келди. Сабаби 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан менга “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони берилди.

Ўқувчиларимизнинг амалий фанларга ҳам қизиқиши юқори. Масалан, технология ва информатикага жуда қизиқишади. Улар орасида спортнинг маълум бир турларига қизиқадиганлари ҳам бор. Мен ўзим ҳам ўқувчилик давримдан бери футбол ўйинларига қизиқиб келаман. “Андижон” жамоамиз билан бирга ўз вақтида Ўзбекистон чемпиони ҳам бўлганмиз”, – дейди Абдувосит Абдураҳимов.

Биз кўзи ожизлар қизиқиб ўйнадиган футбол ва унинг қоидалари билан қизиқдик. Кўзи ожизлар футболида ҳар бир жамоада беш нафардан ўйинчи бўлиши лозим. Ўйин товушларга асосланган ҳолда ўтказилади. Тўпнинг ичида махсус шилдироқ бўлиб, у ҳаракатланганида товуш беради. Ҳар бир жамоа мураббийи рақиб дарвозаси ортида туриб, тўпни олиб бориш жараёнида дарвоза ортидан қарсак чалиб “Ҳоп!” , “Ҳоп!” дея хитоб қилиб туради. Овозга қараб ўйинчилар дарвозага тўпни йўналтиради.

Кўзи ожизлар футболида ҳимояланиш мақсадида кўзларга махсус мослама тақилган бўлади. Жарима зарбаси пайтида жамоа мураббийи дарвозанинг устунига махсус темир мослама билан уриб овоз беради ва дарвоза орти ўртасида турган ҳолда қарсак чалади. Жамоа ўйинчилар тўпни олиш жараёнида “Мен!” деб овоз беради, шу орқали ўйинчи ўз шеригини танийди ва тўпни унга узатади.

Ҳаракатланиш фани ўқитувчиси Сирожиддин Усмоновнинг очиқ ҳаводаги дарсларини кузатдик. Муаллим ўқувчиларга ташқарида ҳаракатланиш ва жамоат транспорти бўлган автобусга чиқишда ҳасса билан ҳаракатланишдан машғулот ўтди.

“Фанимиз кўзи ожиз болаларни мустақил ҳаракат қилишга ўргатади. Биз асосан ҳассадан фойдаланамиз. Ўқувчилар ҳассадан фойдаланишни ўзлаштирса, текис ва нотекис йўлларда мустақил ҳаракатланади, кўчада хеч кимга муҳтож бўлмайди”, – дейди ўқитувчи.

Шу мактабни тугатиб ёшларга сабоқ бераётган устоз Ҳуснободхон Соҳибова мактаб битирувчилари орасидан дипломатлар, кучли мутахассислар, “Халқ таълими аълочиси” етишиб чиққани ҳақида сўзлаб берди.

Мактаб ўқитувчилари шароитдан келиб чиқиб, ўқувчилар учун турли янги кўргазмали қуроллар яратишмоқда.

Ҳаракатланиш фани ўқитувчиси Ферузахон Парпиева ишлаб чиққан “буюмлар ярмаркаси” ускунаси диққатга сазовор, унинг ёрдамида ўқувчилар турли уй-рўзғор буюмлари ва кундалик ҳаётда учрайдиган анжомлар билан танишади.

Биз интернат кутубхонасида бўлиб, шоир Муҳаммад Юсуф шеърларини қўл билан бор вужудини бериб ўқиётган китобхон ўқувчилардан шеърлар тингладик. Шахмат-шашка тўгараги машғулотларини кузатдик.

Даргоҳда санъатга, мусиқага қизиқиш юқори экан. Иқтидорли ўқувчилар бизга кичик концерт намойиш қилиб беришди. Уларнинг ижросида миллий куйлар тингладик. Ўқувчилар орасида келажак ҳаётини санъат билан боғлашни истаганлар кўплаб топилади.

Миллий мумтоз қўшиқларни куйлашдаги истеъдоди диққатимизни тортган 11-синф ўқувчиси Табассумхон Орифжонованинг ҳам орзулари бир олам. “Насиб қилса, келажакда Тошкент давлат консерваториясида анъанавий хонандалик бўйича ўқишни ният қилмоқдаман. Устозларимизга чексиз миннатдорчилик билдираман”, – дейди у.

Шу куни интернатга устозларини йўқлаб мазкур таълим масканини битирган собиқ битирувчилар келишган экан. Улардан Муҳаммадомил Ўринбоев мактаб жараёнидаги олимпиадада олган имтиёзи билан Миллий университетнинг филология йўналишида ўқиб, ҳозирда ўқиш билан биргаликда дубляж студиясида таржимон бўлиб ишламоқда.

Яна бир битирувчи Диёрбек Аҳмаджонов эса Тошкент ахборот технологиялари университети мультимедия инженерлиги факультетига ўқишга топшириб, муваффақиятли қабул қилинди. Диёрбек ҳозир дубляж студиясида, дубляж ва овоз режиссёри бўлиб фаолият юргизаётир.

“Кўзингиз ожизлигидан афсусланасизми?” ёки “Сиқилманг, сабр қилинг” дейдиган одамлар рўпара келади. Кўзи ожизлигимдан у даражада изтиробга тушмайман. Керак бўлса, бизни бошқалардан устун томонларимиз бор. Масалан, соғ одамлар чироқ йўқ пайтда китоб ўқий олмасликлари мумкин, лекин биз ўқий оламиз. Одамга бутун ҳаёти давомида керак бўладиган, дунёқарашини ўзгартирадиган, зеҳнини теранлаштирадиган нарса бу – китоб. Бизда ҳам ўзига яраша имкониятимиз кўп. Устозларимизга бизга берган билимлари учун бир умр миннатдормиз, улардан дуо кутиб қоламиз”, – дейди Муҳаммадомил Ўринбоев.

Уларнинг ҳар бир ютуғи ва муваффақияти ортида устозларнинг машаққатли меҳнати ётганини ҳис қилдик. Мактаб-интернат ўқитувчилари “имконияти чекланган” дейиладиган ўқувчиларга инсон тинимсиз ўқиса, билим олса, имконият бошқалар билан тенглашиши, ҳаттоки соппа-соғ инсонлардан кўра баландроқ чўққиларни эгаллай олишлари учун қанот бўлишмоқда.

Уларнинг таърифлашга тил ожиз бўлган меҳнатлари учун таъзим ва раҳмат камлик қилади.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид