Жамият | 17:55 / 01.10.2021
4931
3 дақиқада ўқилади

«Ўзмиллийбанк» АЖ ва Германиянинг Дойче банки 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги шартнома имзолади

Жорий йилнинг 29-30 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон: иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи” номли халқаро иқтисодий форум доирасида, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” акциядорлик жамияти ва Германиянинг Дойче банки ўртасида 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиясини жалб қилиш юзасидан қарз шартномаси имзоланди.

Дойче банк билан имзоланган ушбу қарз шартномаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германия Федератив Республикаси билан ҳартомонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва муносабатларини чуқурлаштириш бўйича берган топшириғини ижросини таъминлашга имкон беради.

Имзоланган битимнинг афзаллиги нафақат Европа Иттифоқи, балки Италия, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатларга тегишли иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш имкониятидир. Бундан ташқари, кредит линияси экспорт кредит агентлигидан суғурта қопламаси ва Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати таъминланмаган ҳолда жалб қилинган.

Асосий эътибор хизмат кўрсатиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялашга йўналтирилган. Мамлакатимиз воҳаларида аҳолининг фаровонлиги ошиши мақсадида, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига янги ишчи ўринлар ташкил этиш режалаштирилган.

“Ўзмиллийбанк” АЖ Германия Федератив Республикасининг бошқа илғор банклари билан ҳам инвестицион ҳамкорлик ҳамда самарали тажриба алмашиш доирасида алоқаларини ривожлантиришга тайёрлигини билдиради.

Ўзбекистон иқтисодий форуми – 2021, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш Вазирлиги ташаббусига кўра, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси кўмагида ташкил этилди. У 350дан ортиқ халқаро ва ўзбек ишбилармон ва молия соҳаси мутахассислари, халқаро молия институлари, давлат арбоблари, нодавлат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини бирлаштирди.

Маълумот ўрнида: Дойче банк Германиянинг активлари суммаси бўйича (1,57 трлн. АҚШ доллари) ва капитали (77,7 млрд. АҚШ доллари) энг йирик молиявий конгломерати ҳисобланади. Бош офиси Франкфуртда жойлашган ва дунёнинг энг йирик трансмиллий банкларнинг 30 талигига киради. Филиалларнинг кенг қамровли тармоғига эга бўлиб, 1891 та бўлими ҳамда дунёнинг 59 мамлакатида филиал ва ваколатхоналари мавжуд. Халқаро молия ва инвестиция бозорининг энг йирик иштирокчиси ҳисобланади.

“Ўзмиллийбанк” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид