Ўзбекистон | 12:49 / 04.10.2021
3119
2 дақиқада ўқилади

Нукусдаги 1,5 млрд сўмлик чала кўприк ҳолати бўйича расмий маълумот берилди

Бундан бир неча кун олдин Нукусдаги қимирлаб турадиган 1,5 млрд сўмлик пиёдалар кўпригида ишлар тўлиқ якунига етказилмагани ҳақида хабар бергандик.

Унда кўприк фойдаланишга топширилганига 5 ой бўлса-да, ишлар тўлиқ якунига етказилмагани, кўприкнинг устки қисми ёпилмагани ҳақида айтилганди. Кўприкдан ўтувчилар унинг қимирлаб туришидан шикоят қилишганди.

Ҳолат юзасидан «Қўнғирот темир йўллари» унитар корхонаси расмий маълумот берди.

Унда айтилишича, пиёдалар кўприги «Бастрансжойбар» АЖ лойиҳаси асосида қурилган. Қурилишни «Қўнғирот темир йўллари» УК буюртмасига кўра «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибидаги «Кўприк қурилиш» УК бажарган.

Ҳозирда электр симлари билан боғлиқ муаммо ҳал қилинган. Яқин кунлар ичида кўприкнинг том қисми ҳам ўрнатилиши маълум қилинган.

Маълумот учун, Kun.uz кўприкдаги камчиликларга иккинчи марта тўхталиб ўтди. Ундан Нукусдаги 22-, 27-, 34-, 41-мактаб ўқувчилари ва 22-, 23-кичик туман, «Қўскўл-3» МФЙ аҳли ўтиб қайтишади. Қурилишга жами 1 млрд 500 минг сўм маблағ ажратилган. Пиёдалар кўприги 3 ой ичида фойдаланишга топширилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Берунийда икки йилдан бери илма-тешиклигича қолаётган абгор кўприк ҳолатига изоҳ берилганди.

Мавзуга оид