Жаҳон | 23:27 / 06.10.2021
9467
3 дақиқада ўқилади

Эрон Озарбойжон бошқа давлатлар билан ҳарбий машғулотлар ўтказаётганини қоралади

Теҳронда Озарбойжоннинг бошқа давлатлар иштирокида ўтказаётган ҳарбий машғулотлари иғвогар ҳаракатлар деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён маълум қилди.

“Озарбойжон турли давлатлар билан 6 та машғулот ўтказди – бу албатта иғвогар ҳаракатлардир, бироқ бу ҳар бир давлатнинг қарорига боғлиқ”, деб айтган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашув натижаларига кўра ўтказилган матбуот анжуманида Абдуллоҳиён.

Унинг айтишича, бу машғулотларнинг фаоллашуви “минтақага яхши кайфият бермайди”.

“Эрон охирги вақтда бир нечта машғулотлар ўтказди, бироқ дипломатик каналлар орқали бу ҳақида минтақанинг барча давлатларини хабардор қилганмиз”, деб таъкидлаб ўтган Абдуллоҳиён ва бу машғулотлардан мақсад “минтақага тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни элтиш” бўлганини қўшимча қилган.  

Ўз навбатида, Сергей Лавров Россия минтақада ҳарбий фаоллик ортишига қарши эканини айтган. “Биз бу ерда ҳарбий фаоллик ортиши, бирор машғулотлар иғвогар кўринишга эга бўлишига қаршимиз. Шунингдек, Озарбойжон ҳам эронлик дўстларимиз яқинда чегарада ўтказган машғулотлардан хавотир билдирди”, деб айтган Россия ташқи ишлар вазири.

“Каспий масаласи ва хорижий давлатларнинг Каспий минтақаси ишларига аралашишга замин тайёрлаётганига келсак, биз дўстларимизга Каспий мақоми ҳақидаги конвенция кучга киришини таъминлаш зарурлигини бир неча марта таъкидладик. Бу ҳужжат Каспий денгизида ушбу минтақага кирмайдиган ҳар қандай давлат ҳарбий кучларининг бўлишини тақиқлайди”, деб айтган Лавров.

У конвенция охирги ратификацион ёрлиқ, яъни келишув давлат томонидан ратификация қилинганини тасдиқловчи ҳужжат олингандагина кучга киришини эслатиб ўтган.

“Ҳозирда ушбу масала Эрон парламентида кўриб чиқилмоқда. Умид қиламанки, ратификация ҳақидаги қарор тез орада қабул қилинади ва ўшанда конвенция Каспийдаги тегишли тартибни таъминловчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатга айланади”, деб айтган Россия вакили.

Эрон 1 октябрда Озарбойжон билан чегарада зирҳли танк қисмлари, артиллерия, дронлар ва жанговар вертолётлар қўллаган ҳолда ҳарбий машғулотлар бошлади. Бу машғулотлар олдидан Теҳрон Озарбойжонни Исроил билан ҳамкорлик қилишда айблаган. Ўз навбатида, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Эроннинг чегарадаги ҳарбий машғулотларидан хавотир билдирган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид