Жаҳон | 22:41 / 06.10.2021
15616
1 дақиқада ўқилади

Жанубий қутбда рекорд даражада совуқ қиш қайд қилинди

Фото: Getty Images

Антарктидадаги Амундсен-Скотт станцияси метеорологлари Жанубий қутбда жорий йилги қиш кузатувлар олиб бориш давридаги энг қаҳратони бўлганини маълум қилишди. Бу ҳақда The Watchers нашри хабар берди.

Таъкидланишича, апрелдан сентябргача бу ерда рекорд паст ҳароратлар қайд қилинган ва Целсий шкаласи бўйича ўртача минус 61,1 даражани ташкил қилган. Бу борада аввалги рекорд 1976 йилда ўрнатилган ва ўшанда ўртача ҳарорат минус 60,6 даражани ташкил қилган.

Станцияда қайд қилинган ўртача ҳарорат охирги 30 йил ичидагидан 2,5 даража паст бўлган.

Висконсин университети об-ҳаво мутахассиси Мэтью Лаззарнинг айтишича, жорий қишда станцияда ҳарорат бир неча марта минус 73,3 даражагача тушган. 30 сентябрда эса Россиянинг “Восток” станцияси ҳарорат -79,3 даража бўлганини маълум қилган.

Энг паст ҳарорат рекорди эса 1983 йил 21 июлда “Восток” станциясида қайд қилинган. Ўшанда ҳарорат -89,2 даражани ташкил қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид