Ўзбекистон | 15:13 / 06.10.2021
13041
4 дақиқада ўқилади

Тотализаторни қонунийлаштириш спортга ҳам, давлатга ҳам наф келтирмайди

Букмекерликни легаллаштириш билан спортга пул тикиб қимор ўйнаётганлар сони кўпаяди холос, ундан на давлатга, на спортга, на ёшлар тарбиясига бирон-бир наф йўқ.

Сўнгги вақтларда ўзбекистонликлар ўртасида даромад олиш мақсадида спорт ўйинларига пул тикувчилар сони сезиларли даражада ортган. Ўйинда ютқазиб, уй ва мол-мулкларини сотган, жиноятга қўл урган ва ҳатто ўз жонига суиқасд қилганлар ҳақида кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Шунга қарамай, Ўзбекистонда бу турдаги ўйинларни қонунийлаштириш борасида ҳаракатлар давом этмоқда.

Спорт ўйинларига пул тикишни легаллаштириш ҳеч кимга наф келтирмайди, дейди спорт журналисти Жамолиддин Бобожонов. Унинг таъкидлашича, тотализатор компаниялари тўлайдиган солиқ – профессионал спорт учун арзимаган пул, бу ишлар билан шуғулланувчи мутахассисларнинг бирортаси тотализаторни қонунийлаштириш ортидан катта пуллар спортга келмаслигини айтган.

Казино ҳеч қачон ютқазмайди деганларидек, букмекерлар ҳам ҳеч қачон ютқазмайди, дейди у.

Бизга энг яқин Россия мисолида олиб қарасак, реклама берувчилар кўпроқ пул топяпти холос. Профессионал футболга ёки спортнинг бошқа турларига катта даромад олиб келмаяпти. Ҳолбуки, аҳолиси бизникидан кўп ва катта қисми мусулмон бўлмаган мамлакат, шунингдек, уларнинг эътиқоди, дунёқараши жиҳатидан ҳам тўсқинлик йўқ. Лекин профессионал спортга тотализатор орқали катта маблағлар кириб бормайди.

Ўзимизга келадиган бўлсак, буни легаллаштириш билан спортга пул тикиб қимор ўйнаётганлар сонини кўпайтирамиз. Ундан на давлатга, на спортга, на ёшлар тарбиясига бирон-бир наф йўқ. Кимдир бу пулларни профессионал спортга йўналтирамиз, қўшимча пул деса, катта хато қилган бўлади, наздимда.

Бундан ташқари, букмекерлар тушадиган пулларнинг 80 фоизини олиб кетади, ўша 80 фоиз пул ўзбекистонликларнинг пуллари бўлади. Ҳозир онлайн ўйнаётганлар ҳам барибир пулларини ўшаларга тўлаяпти, катта эҳтимол билан легаллашгандан кейин ҳам яна уларга пул тўлайди. Маҳаллий букмекерларнинг эса бозорда мавқега эришиши учун узоқ йиллар талаб қилинади. Умуман олганда, унинг ҳам фойдаси йўқ, чунки ўзимизнинг одамлар чўнтагидан олиб, кимнидир қақшатиб олинган пулларни спортга йўналтириш тўғри эмас”, – дейди Жамолиддин Бобожонов.

Жамолиддин Бобожонов

Асли ўзбекистонлик, айни пайтда Россияда истиқомат қилувчи Б.Ш. узоқ йиллар давомида тотализатор ўйинларига қизиққан ва бу соҳада фаолият юритган. Унинг айтишича, тотализатор Ўзбекистонда қонунийлаштирилган тақдирда ҳам, келишилган ўйинларга қарши ҳеч нима ўзгармайди. Чунки контора қонуний ёки қонуний эмаслигининг бунга умуман дахли йўқ.

Яна бир нарса, тотализатор фирмалар ўзбек футболига инвестиция киритиши мамлакат ичида қимор ўйнаётган одамлар ҳисобидан амалга оширилади.

“Тотализаторни қонунийлаштириш орқали келишилган ўйинларга қарши курашишда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Мен бунга юз фоиз ишонаман. Чунки тотализаторнинг келишилган ўйинларга алоқаси йўқ. Ўзбекистон лигасида ўйнаётган жамоаларга пул тикаётган одамлар аксар Россия ва бошқа Осиё мамлакатларидан бўлади. Чунки Ўзбекистондаги ўйинларга лимит берилади, катта сумма қўйиб бўлмайди. Жуда камдан кам кузатилади, шунда ҳам ўша ўйиннинг ё коэффициенти тушиб кетади, ёки ўйинни олиб ташлайди.

Футболга инвестиция ҳақида гапиришяпти; тўғри, инвестиция бўлади, лекин кимнинг ҳисобидан – ўйнаётган одамлар ҳисобидан бўлади. Яқинда Ўзбекистонда бўлдим ва кўрдимки, кўплаб одамлар, ҳатто футболга қизиқмайдиган контора ҳақида, ставка қилиш, кимдир қанчадир пул ютиб олгани ҳақида гапиряпти. Улар ҳам ютиб олган пулини гапиряпти холос, лекин бирортаси қанча ютқазганини айтмайди. Ҳеч ким: “Мен бор пулимни ютқаздим, машинамни ютқаздим, уйим кетди”, деб айтмайди, албатта. Бу жудаям ёмон нарса”, – дейди у.

 

Мавзуга оид