Жаҳон | 20:43 / 07.10.2021
19466
2 дақиқада ўқилади

Германияда 100 ёшли нацист устидан суд жараёни бошланди. У 3,5 минг киши ўлимида айбланмоқда

Германияда 7 октябрда Иккинчи жаҳон уруши вақтида Берлин яқинидаги Заксенхаузен концлагерида қўриқчи бўлиб ишлаган 100 ёшли эркак устидан суд жараёни бошланди.

Фото: АР/ТАСС

Гумонланувчи Йозеф С. Заксенхаузенда 1942 йилдан 1945 йилгача ишлаган. У 3518 кишининг ўлдирилишида иштирок этишда айбланмоқда. Унинг устидан суд жараёни концлагер яқинида жойлашган Нойруппин шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Ҳукумат судланувчининг кекса ёшига қарамай, суд олдида жавоб бериш учун етарлича соғломлиги, бироқ унинг иши бўйича суд йиғилишлари 2,5 соат давом этиши ҳақидаги қарорга келган.

Кекса судланувчи суд йиғилишида юзини канцелярия папкаси билан тўсиб ўтирган. Унга бунда адвокати ҳам ёрдам берган. Тахмин қилинишича, Йозеф С. нацист жиноятчилардан судланаётган энг кексаси ҳисобланади.

Айни вақтда Германияда Польшадаги Штутгоф концлагерининг собиқ ходимаси, 96 ёшли Ирмгард Фурхнер устидан ҳам суд жараёни бошланмоқда. У концлагерда котиба бўлиб ишлаган. Фурхнер суд олдидан қочишга уринган, бироқ қўлга олинган.

“Одил судлов учун эскилик муддати йўқ”, деб айтган концлагерларнинг бир неча собиқ асирлари манфаатларини ҳимоялаётган адвокат Томас Вальтер.

Заксенхаузенда 1936 йилдан 1945 йилгача юз минглаб асирлар сақланган. Ўн минглаб асирлар очликдан, касалликлардан, мажбурий меҳнатдан, улар устида ўтказилган тиббий тажрибалар ҳамда ССнинг асирларни йўқ қилиш бўйича амалиётлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид