Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳаво совиши натижасида кўп квартирали уйлар иссиқликка муҳтож, иситиш мавсуми қачон бошланади?
Қонунчиликда кўп квартирали уйларни иситиш мавсуми қачондан бошланиши белгилаб қўйилган. Бироқ октябр ойида ҳаво ҳарорати пасайиши натижасида кўп квартирали уйлар иссиқликка муҳтож. Иситиш тизими қачондан бошланади, муддатидан аввал бошланиши мумкинми? Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари бу саволларга жавоб беришди.
Одатда иситиш мавсуми қачондан бошланади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”нинг 13-бандига мувофиқ, хонадонларни иситиш эҳтиёжлари учун иссиқлик энергиясини бериш даври Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошланади ва тамомланади.
Иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8 даража целсийдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8 даража целсийдан юқори бўлганда эса тамомланиши керак.
Барча истеъмолчилар уланиб бўлгандан сўнг, 6-7 кун давомида ўрнатилган торайтирувчи қурилмаларда иссиқлик таъминоти тизимларининг синови олиб борилиши лозим.
Бу йил октябрдан ҳаво ҳарорати пасайди, иситиш мавсуми қачон бошланади?
6 октябр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров шу ҳақдаги саволга жавоб берди.
“Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 5 кунгача об-ҳаво 8 даражадан паст бўлса, марказий иситиш тизими ишга туширилади. Шу сабабли ҳозир ўртача ҳаво ҳароратимиз 16-18 даража бўлса, кечаси 10-9 даражагача тушмоқда. Шунинг учун бу масалада, норматив меъёрлар келгандан кейин, яъни беш кун давомида кечаси ҳарорат 8 даражадан паст бўлса, қозонхоналар ҳокимларнинг махсус қарорлари билан ишга туширилади”, деди у.
Вазирлик матбуот хизмати Кun.uz’га маълум қилишича, қонунчиликда белгиланган тартибда иситиш мавсуми бошланиши учун юқоридаги об-ҳаво кузатилмаган тақдирда иситиш мавсумини бошлаш ёки тугатиш ҳудудий вилоят ҳокимлари қарор ва фармойишлари орқали амалга ошади.
Маълумот ўрнида, 2019 йилда Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми 25 октябр, 2020 йилда эса 15 октябрдан бошланган. 2021 йил 7 апрелда эса иситиш мавсуми тугаб, 2021-2022 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик бошланган. Ҳудудларда иситиш мавсуми бошланиши ва тугаши иқлим шароитидан келиб чиқиб турли муддатларда амалга оширилади.
Иситиш мавсумига ўтиш 2 босқичда амалга оширилади:
- биринчи босқичда – ижтимоий соҳа объектларида (мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасаларида);
- иккинчи босқичда – кўп қаватли уй-жойлар ва маъмурий биноларда.