Жаҳон | 20:53 / 07.10.2021
4878
1 дақиқада ўқилади

Коронавирус пандемияси сабабли 2022 йилги Женева автосалони ўтказилмайдиган бўлди

Аксарият иштирок этувчилар коронавирус пандемияси келтириб чиқарган ноаниқлик сабабли 2022 йилги кўргазмада иштирок этиш борасида қатъий жавоб бера олмасликларини билдиришган.

Фото: Getty Images

Женева халқаро автосалони ташкилотчилари коронавирус пандемияси ва автомобилсозлик соҳасидаги қийинчиликлар сабабли 2022 йилда ўтказиладиган шоуни бекор қилди. Бу ҳақда кўргазма матбуот хизмати хабар берди.

«Пандемия билан боғлиқ вазият ёпиқ биноларда ўтказиладиган бундай йирик тадбир учун катта хавф туғдиради. Бу қарорга бекор қилиш деб эмас, кечиктириш деб қараймиз. Женева халқаро автосалони 2023 йилда ўтказилишига ишонаман», — деди автосалон ташкилий қўмитаси раиси Морис Турреттини.

Женева халқаро автосалони бош директори Сандро Мескитаниг сўзларига кўра, аксарият иштирок этувчилар коронавирус пандемияси келтириб чиқарган ноаниқлик сабабли 2022 йилги кўргазмада иштирок этиш борасида қатъий жавоб бера олмасликларини билдиришган.

Бунга автомобил ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатган яримўтказгичлар етишмовчилиги билан боғлиқ вазият ҳам қўшилган. Шу боис кўргазмани ўтказмасликка қарор қилинган.

Мавзуга оид