Ўзбекистон | 09:18 / 07.10.2021
501
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда мол-мулкига тақиқ қўйилган қарздор ота фарзандлари учун 189,5 миллион сўм алимент тўлади

Самарқанд вилояти Булунғур туманида мол-мулкига тақиқ қўйилган қарздор ота фарзандлари учун 189,5 миллион сўм алимент тўлаган. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2021 йил 25 июндаги қарорига асосан қарздор Ш.Ж.дан ундирувчи Ш.Ж.га икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун даромадининг учдан икки бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан МИБ Булунғур туман бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Мазкур ижро ҳужжатига асосан қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган ва олинган маълумотларга асосан барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган. 

Муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш кераклиги инобатга олиниб, МИБ ходимлари қарздор Ш.Ж. билан суҳбат ўтказган. Унга фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани тушунтирилган.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота фарзанди вояга етгунига қадар бўлган муддат учун ҳисобланган 179 миллион 198 минг сўмни тўлаб берган. Шундан сўнг мазкур суд ҳужжати ундирувчининг аризасига асосан қонуннинг 40-моддаси 1-бандига асосан тамомланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид