Ўзбекистон | 17:32 / 08.10.2021
13813
3 дақиқада ўқилади

Мурожаатларнинг катта қисми пенсия миқдори камлиги ҳақида. Пенсия камлиги нимага боғлиқ? 

“Пенсия борасида келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти пенсия камлиги билан боғлиқ. Бироқ пенсия миқдори иш стажи ва даромадга қараб белгиланади”, – дейди Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Гулнора Муродова. У ишсиз ёшларни ҳозирдан пенсия борасида қайғуришга, ижтимоий тўловни бир йилда бир марта тўлаб, бир йиллик стажга эга бўлишга чақирди.

7 октябр куни Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ва шаҳар халқ қабулхонаси масъуллари аҳоли билан пенсия ва нафақалар таъминоти борасида сайёр қабул ўтказди.

Аҳоли асосан пенсия миқдорининг камлиги борасида масъулларга мурожаат қилди.

Бошқарма бошлиғи Гулнора Муродова Кun.uz’га берган интервюсида нима сабабдан пенсия кам ҳисобланиши ва пенсия тизимига оид ҳозирги ҳолат ҳақида гапирди.

Гулнора Муродова

“Ҳозирда ҳам пенсия таъминотида одамларда норозилик бор, йўқ демайман. Фуқаролар пенсиянинг минимал миқдорлари камлигидан шикоят қилишади. Ҳозирги кунда тўлиқ иш стажига эга бўлмаган пенсиялар миқдори 440 минг сўмни ташкил этади. Шаҳар бўйича қачон сайёр қабулга борсам, шу тайинланган 440 минг сўмлик пенсия миқдори камлигидан мурожаатларни эшитаман: коммунал хизматлар, дори-дармон бор, етмайди деб эътироз билдиришади. Пенсия тайинланиши фуқаронинг ўзининг ойлик иш ҳақи миқдори ва бошқа расмий даромадларига боғлиқ. Қанчалик кўп даромад ва иш стажига эга бўлса, пенсия ҳам шунча кўп бўлади.

Минимал миқдорга тўхталадиган бўлсак, айнан фуқароларнинг таклифларига асосан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб минимал пенсиялар миқдори 256 минг сўмдан бирдан 400 минг сўмга кўтарилди. Пенсияларнинг кам миқдорлари босқичма-босқич кўтариб борилишини аҳолига тушунтиряпмиз.

Республика аҳолиси, айниқса ёшлар, ҳозирдан пенсиясини ўйлашлари керак. Фуқаро ҳозирда ишсиз юриб, даромадга эга бўлмаса, ушбу даврлари меҳнат стажига кирмайди. Ушбу давр учун ҳеч қандай тўлов тўлаб берилмайди. Қачонки, фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, БҲМнинг бир баробари миқдорида ижтимоий солиқни тўлаб борса, бир йиллик иш стажига ўтади.

Бир йилда бир марта 270 минг сўм тўлаган фуқаро келажакда бир йил банд бўлган ҳисобланиб, шу йил иш стажига ўтади.

Кўпчилик, бир йиллик стаж ҳисобланиши учун тўланадиган 270 минг сўмни ҳар ой тўлаш керак деб тушунади. Йўқ, ундай эмас. Бир йилда бир марта тўланса, бир йиллик стажга ўтади”, – дейди Гулнора Муродова.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ пенсия ва нафақалар миқдори жорий йилнинг июл ойидан оширилганди.

Шунингдек, август ойида Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 миллионга яқинлашгани маълум қилинди.  

Мавзуга оид