Жамият | 19:19 / 09.10.2021
13302
5 дақиқада ўқилади

Риштонлик устазода кулол: “Бир вақтлар кулолларга қиз беришмас эди”

Риштон кулолчилиги узоқ тарихга эга. Бунга маҳаллий тупроқнинг хусусиятлари ҳам сабаб. IX-X асрларга келиб Риштонда сопол идишларга сир бериш шакллана бошлаган.

Риштонлик машҳур уста кулол Шарофиддин Юсупов 76 ёшни қаршилаган. Унинг отаси ҳам ўз даврининг машҳур кулоли эди. Шарофиддин кулол ёшлигида уйидаги оилавий устахонада кулолчилик сирларини ўрганган.

«Мен бу дунёга кулол бўлиш учун туғилганман. Бошқа касбни орзу ҳам қилмадим. Меҳнатларим зое кетмади. Яратган асарларим дунёнинг кўплаб музейларида сақланади. Давлатимиз томонидан меҳнатларим инобатга олинганидан ғоят хурсандман», – дейди у.

Ҳар бир асарга ўзгача меҳр

«Санъат асарларимни чет элга сотадиган бўлсам, юрагимнинг бир парчаси ўша идиш билан кетади. Чунки асарларимга юракдан меҳр бериб ишлайман.

Эътибор берган бўлсангиз, устахонамда 100 та идиш бор, уларнинг бири иккинчисига сира ўхшамайди. Бугун ясаган лаганимни, ўхшатишим мумкиндир, лекин эртага худди шундай қилиб ясай олмайман», – дейди Шарофиддин Юсупов.

Шогирднинг вазифаси устоз қўлидаги нарсани ўғирлаб олса ёки фаросатига жойлаштириб олсагина ундан ҳақиқий шогирд чиқади, дейди Шарофиддин ака.

«Биз ҳам шогирд бўлиб уста кўрганмиз. Ўшанда шогирдлар орасида қобилиятига қараб ўрта ҳол ва етук шогирдлар чиққан. Яхши кулол бўлиш учун ҳам инсонда қобилият бўлиши муҳим. Менга ҳам кўплаб шогирдлар келган. Шогирдликка олинганлар йиллар ўтиб қобилиятига қараб қолгани қолади, аксарияти эплай олмай кетади. 20 нафар устадан битта шогирд чиқиб қолса, шу устанинг бахти», – дейди уста кулол.

У фарзандларининг ўзидек уста кулол бўлишини истамайди, улар ўзидан бир поғона баланд кулол бўлиб етишсагина рози.

Шарофиддин аканинг отаси кулолчилик заводида ишлаган. Ойлигидан рўзғорга егулик олиб келган: она қорнидаёқ у кулолчилик ортидан топилган ризқдан насиба олган. Шунинг учун кулолчиликка меҳр она қорнидан бошланган, деб ҳисоблайди.

«Тан олиб айтиш керак, 1955-1960 йилларда «меҳнати оғир, даромадининг тайини йўқ» деб, кулолларга қиз беришмас эди. 1950 йилгача бизнинг уйимизда 40 киши ишлайдиган оилавий устахонамиз бўлган. Отам ўша пайтдаёқ оилавий устахонага асос солган.

Раҳматли онам чизмакаш бўлган эди. У пайтларда ҳозиргидек метр бўлмаган. Онам қаричлаб аниқ чизар эди чизмаларни. Отам эса кулол бўлгани учун у лойга меҳр берган, лекин чизмачиликка ҳуши йўқ эди.

Ақлимни таниб ўйлаб, охири хулосага келдимки, лойга меҳр отадан, чизмачилик эса онамдан ўтган экан менга.

70 йилдан буён кулоллар ичидаман. Риштон кулолчилигига озми-кўпми ҳиссамни қўшдим. Биз қилган ишларни кўриб, қолган кулоллар ҳам ишларимизга ҳавас қилиб, ортимиздан кулолчилик анъаналарини давом эттириб келишяпти.

Журналистлар мендан «Кулолчилик соҳасига қандай кириб келгансиз», деб сўрашади. Мен онамнинг қорнидаёқ кулол бўлиб туғилган бўлсам керак, деб ўйлайман», – дейди уста кулиб.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифи давомида Риштон туманидаги халқаро кулолчилик марказида бўлган, ўшанда уста кулол Шарофиддин Юсупов давлат раҳбарига лаган совға қилган эди.

«Президентга риштонлик усталар номидан лаган совға қиламан десам, Мирзиёев: «Қайси лаганни совға қилмоқчисиз?» деб сўради. Мана бу лаганни деб кўрсатдим, биргалашиб лаганнинг олдига бордик. Қумғон – сувнинг рамзи; анорлар – тўкин-сочинлик, фаровонлик, бола-чақа рамзи. Президентга қумғон туширилган лаган совға қиламан десам, Шавкат Миромонович анорни шундай таърифлаб бердики, ҳайрон қолдим», – дея ҳайратини яширмайди кулол.

Қаҳрамонимизнинг асарлари Париждаги Лувр, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж, Москвадаги Шарқшунослик ва Дунё халқлари музейларида сақланади.

Шарофиддин Юсуповга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», академик унвони берилган. У «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид