Ўзбекистон | 10:24 / 11.10.2021
8961
2 дақиқада ўқилади

“16-горбольница”да шахсий автомобиллар “Тез ёрдам”да келган болалар ҳаётига хавф туғдирмоқда

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг болалар бўлимига “Тез ёрдам”да келган беморлар тирбандликда қолишади. Бу автотураргоҳ етишмаслигидан эмас, айрим ҳайдовчиларнинг лоқайдлиги бемор болаларнинг ҳаётига хавф солади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) – халқ тилида “16-касалхона” деб юритилувчи тиббиёт муассасаси бир кунда юзлаб беморларни қабул қилади.

Марказда Тошкент шаҳридаги “103” тез тиббий ёрдам хизмати томонидан етказиладиган барча беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади. Куйиш, жароҳатланиш ва бошқа турли бахтсиз ҳодисалар оқибатида азият чекаётган бемор болалар ҳам шулар жумласидан.

Бироқ марказнинг болалар қабул бўлимида шахсий автомобиллар учун ва “Тез ёрдам” учун алоҳида кириш йўлаклари ва автотураргоҳлар бўлишига қарамай, шаҳарнинг тирбандликларидан ўтиб келган “Тез ёрдам” бу ерда ҳам жой муаммосига дуч келади. Йўлак ва тураргоҳ ташриф буюрувчиларнинг шахсий автомобиллари билан тўлиб қолади.

Айрим ҳайдовчиларнинг ўзгалар ҳаётига бефарқлиги сабаб “Тез ёрдам” ҳайдовчилари беморни шифохонанинг қабул бўлимига етказиши қийинлашади. Чунки “Тез ёрдам” учун ажратилган тураргоҳ шахсий автомобиллар билан тўла. Шу сабабдан қанчадан қанча бемор болалар ҳаёти хавф остида қолади.

“Автомобиллар пала-партиш қўйилгани учун кириб-чиқиш ноқулай. Айниқса, оғир касал билан келганимизда қабул бўлимининг эшигига бориб бўлмайди. Беморни бўлимга етказишимиз учун шу ернинг ўзида 3-4 дақиқа кетади. Лекин оғир аҳволдаги бемор учун 1 дақиқанинг ҳам аҳамияти катта. Жонлантириш бўлимига кириши билан жони узилган беморлар ҳам бўлган. Шахсий автомобиллар алоҳида ўз ўрнига қўйилса яхши бўларди”, – дейди ҳайдовчилардан бири.

“Кираверишда ҳам, ундан ўтганда ҳам автотураргоҳ бор. Лекин айнан “Тез ёрдам” учун мўлжалланган жойга машиналарини қўйишади. “Тез ёрдам” автомобили кириши, киргандан кейин айланиб чиқиб кетиши муаммога айланган”, – дейди яна бир ҳайдовчи.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид