Ўзбекистон | 13:42 / 11.10.2021
4810
3 дақиқада ўқилади

Ўрта аҳволдаги беморни даволаш 15 млн сўмга тушмоқда. ССВ мутахассислари болаларни коронавирусга қарши эмлашга чақирди

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу йил Ўзбекистонда кенг тарқалган «дельта» штамми анча хавфли чиққани, у аввалги йилдагидан фарқли равишда аҳолининг катта қатлами ҳисобланган болаларни ҳам қамраб олаётганини маълум қилди.
 
Изоҳ берилишича, бунинг уч асосий сабаби бор. Биринчиси — болаларнинг аксарияти вакцина билан эмланмаган. Иккинчи сабаб — карантин қоидаларига етарли эътибор қаратилмаяпти. Учинчиси — янги ўқув йили бошланиши билан мулоқот жараёни фаоллашди.  
 
Жорий йил бошидан Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига 18 ёшгача бўлган 3658 нафар ўғил-қиз COVID-19 ташхиси билан ётқизилган. Уларнинг энг катта қисми, яъни 1263 нафарини 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.  

Шифохона директори Анвар Ҳусановнинг маълумот беришича, Ўзбекистонда коронавируснинг ўрта оғир даражасини бошдан кечираётган беморни даволашга давлат бюджетидан 15 миллион сўмгача маблағ сарфланмоқда.

«Масаланинг иқтисодий жиҳатини таҳлил қиладиган бўлсак, касалланган ўрта ҳолатдаги бемор муолажаси учун давлатимиз ҳисобидан 15 миллион сўмгача маблағ сарфланмоқда. Албатта, бу суммалар дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий хизмат, транспорт, коммунал ва  бошқа кўплаб сарф-харажатларни ўз ичига олади. 

Қолаверса, COVID-19га чалинган бемор шифохонадан тузалиб, уйига қайтгач ҳам, иммун тизими тўлиқ тикланиши ва хасталик асоратларидан батамом халос бўлиши учун узоқ вақт тиббий препаратларни қабул қилиб юришига тўғри келади. Албатта, буларнинг барчаси катта чиқим талаб этиши турган гап. Бундан ташқари, коронавирус кейинчалик инсон танасининг бошқа аъзолари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори. Шу маънода, вакцина энг арзон, хавфсиз ва самарали усулдир», деган у.

Бемор Дилором Аҳмаджонова шифохонага фарзандлари билан тушиб қолган ва ҳозирда вакцина олмаганидан афсусда.

«Бу ерда икки ўғлим билан ётибмиз. Бири ўн уч, иккинчиси уч яшар. Касаллик аввал уларга юққан, кейин мен ҳам хасталаниб қолдим. Палатадошларимиз Шоира Қодирова ва унинг 6 ёшли фарзанди қариндошларимиз. Улар билан ҳам мулоқотда бўлгандик. Ҳозир муолажалар давом этяпти. Болаларнинг аҳволи анча яхши. Ўзимиз ҳам кундан кун тетиклашиб боряпмиз. Лекин ўз вақтида вакцина олмаганимиздан афсусдамиз», деган у.

Болалар бўлими мудири Ҳилола Мардонова ҳам болаларни эмлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

«Бўлимимиздаги болаларнинг 20-30 фоизида вирусли пневмония кузатилмоқда. Йил бошидан буён 84 нафар бола жонлантириш бўлимига ётқизилган бўлса, ҳаммаси тузалиб чиқиб кетишди. Тўғри, касаллик аксарият ўғил-қизларда нисбатан енгил ўтяпти. Тузалиш муддати ҳам ўртача 5-7 кунни ташкил этмоқда. Аммо барибир хотиржамликка берилмаслигимиз шарт. Шу маънода, 12 ёшгача бўлган болаларнинг эмланиши имкониятдан оқилона фойдаланишимиз зарур», деган у.

Мавзуга оид