Спорт | 20:04 / 11.10.2021
33542
2 дақиқада ўқилади

Эскилар ва янгилар билан. Ўзбекистон бокс жамоаси жаҳон чемпионатига янгиланган таркибда боради

Сербияда бўлиб ўтадиган бокс бўйича жаҳон чемпионати учун Ўзбекистон жамоаси таркиби эълон қилинди. Рўйхатда профессионал боксчилар Шаҳрам Ғиёсов ва Ҳасанбой Дўсматов ҳам бор.

26 октябрдан 6 ноябрга қадар Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

Мусобақада 13 хил вазн тоифасида жанглар ўтказилади. 

Туризм ва спорт вазирлиги Ўзбекистон бокс жамоасининг ЖЧ—2021га йўл оладиган таркибини эълон қилди. Рио Олимпиадаси кумуш медали соҳиби, жаҳон чемпиони, 2018 йилдан буён профессионал боксда жанглар ўтказиб келаётган Шаҳрам Ғиёсов ҳамда Олимпиада чемпионларидан бири, 2019 йилда профессионал боксда дебют қилган Ҳасанбой Дўстматов жамоага қайтган.

Шунингдек, қуйидаги боксчилар жаҳон чемпионатига йўл олади: Нодиржон Мирзаҳмедов, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов, Абдумалик Ҳалоков, Мужибулло Турсунов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Саиджамшид Жаъфаров, Одилжон Аслонов, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Мадиёр Саидраҳимов, Лазизбек Муллажонов.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон жаҳон чемпионатига деярли тўлиқ янгиланган таркиб билан йўл олган. Токио Олимпиадасида қатнашган таркибдан фақат икки боксчи, енгил вазн тоифалари вакиллари - Мирзахалилов ва Зоиров қолган (бу икки боксчи ҳам Олимпиадани ҳакамларнинг баҳсли қарорларига кўра тарк этишга мажбур бўлганди). 

Элнур Абдураимов, Бобоусмон Батуров, Фанат Қаҳрамонов, Дилшод Рўзметов, Санжар Турсунов ва Баҳодир Жалолов таркибга жалб этилмаган. Янги таркибдаги саккиз нафар боксчи учун бу илк жаҳон чемпионати бўлади.

Янгиланган жамоага Тўлқин Қиличев эмас, Марат Қурбонов бош мураббий бўлган.

Қайд этиш керакки, Қиличев раҳбарлигида жамоа Токиода муваффақиятсизликка учраган, эркаклар жамоасидаги 8 боксчидан фақат бир нафари - Баҳодир Жалолов финалгача етиб бориб, олтин медални қўлга киритганди.

Маълумот учун, 2019 йилда Екатеринбургда ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон жамоаси уч олтин, битта кумуш ва битта бронза билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид