Жамият | 16:57 / 11.10.2021
33223
6 дақиқада ўқилади

Каттақўрғондаги газ портлаши: аҳоли кутилажак фалокатдан прокуратура ва ҳокимият органларини кўп бор огоҳлантирган

Каттақўрғон шаҳридаги хонадонлардан бирида 8 октябр куни газ портлаб, икки киши жабрланди. Бу маҳалладаги биринчи портлаш эмас. Ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли бир йилдан буён масъул идораларга муаммо ҳақида бонг уриб келишган. Мутасаддилар эса мурожаатларга эътибор қаратмаган.

Фото: Zarnews.uz

Zarnews.uz сайтининг ёзишича, Каттақўрғон шаҳри Тошкент кўчасида истиқомат қилувчилар Бош прокуратурага йўллаган мурожаат хатларида шундай дейишган:

«Каттақўрғон шаҳар Кўҳнадам маҳалласи, Тошкент кўчасида яшовчи аҳоли, жумладан бизнинг уй-жойимиз, фарзандларимиз ва ўзимиз бир неча йилдан буён портлаш хавфи остида қолмоқдамиз.

Биз бу ҳақда бир неча бор Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига, прокуратурага мурожаат қилдик. Бизнинг хавфсизлигимиз учун юқори босимли газ тармоғи кўчамиздан олиб ташланмади.

Ҳудудда бир қатор автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари қурилгач, аҳоли хонадонлари орасидан ҳаётимиз учун хавфли бўлган юқори босимли газ тармоқлари ўтказилди.

Натижада, 2015 йилда маҳалламиздаги юқори босимли газ қувурларидан Тошкент кўчасида жойлашган 147-уйнинг ертўласига сизиб кирган газ таъсирида кучли портлаш рўй берди. Шундан кейин ҳам қувурлар бошқа жойга кўчирилмади. Бу юқори босимли қувурлар кўчирилмаса кўплаб хонадонлар, одамлар, болалар жабр кўриши мумкин...

Тошкент кўчасидаги хавфсизлик ва техника қоидаларига амал қилмасдан ўтказилган қувурларни бошқа жойдан ўтказдиришда ёрдам беришингизни сўраймиз».

Портлаган хонадон соҳиби Қаҳрамон Султонов. Фото: Zarnews.uz

6 йил аввал 147-уйда портлаш юз берган бўлса, 8 октябрь куни эрта тонгда унга қўшни бўлган 145-уйда портлаш содир бўлди. Шуниси эътиборлики, бу уйларга газ қувурлари тортилмаган. Хонадон девори ортида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига тегишли 4та йирик ва битта кичик, шунингдек аҳоли учун газ қувури ўтган.

Фото: Zarnews.uz

Аҳоли фикрича, ана шу йирик қувурлар носоз ҳолга келиб, ундан сизиб чиққан газ воқеага сабаб бўлган.

«Каттақўрғоншаҳаргаз» газ таъминоти бўлими бошлиғи Шавкат Абдусаломов ҳам аҳолининг тахминларида жон борлигини тасдиқлаган:

«Ҳолатни ўрганиш учун қувурларни очиб кўрдик. Бу ердан битта Каттақўрғон шаҳри аҳолисига борадиган газ кичик газ қувури ва тўртта Каттақўрғон туманидан газ оладиган, бир неча АЁҚШларга борадиган йирик газ қувурлари бор. Улар изоляция қилинмасдан кўмилган. Аҳоли учун борадиган кичик қувурларда носозлик йўқлигини кўрдик. Энди йирик қувурларни кўздан кечиряпмиз, кейин ҳолатни аниқлаймиз».

Шавкат Абдусаломов, «Каттақўрғоншаҳаргаз» газ таъминоти бўлими бошлиғи. Фото: Zarnews.uz

Кўчадаги қувурлар тўлиқ қазилгач, АЁҚШларга тортилган йирик қувурлардан бири ёрилиб, газ шу орқали сизгани аниқ бўлди. Аҳоли кўпдан буён хавотир олиб келган, қатор ташкилотларга мурожаатларида назарда тутган юқори босимли қувур носоз ҳолга келгани сабабли портлаш юзага келгани тасдиқланди.

Аҳоли мурожаатларига жавобан юборилган вилоят ҳокими ўринбосари А.Шукуровнинг хатида мазкур объектларни ишлатиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш борасидаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида «Саноатгеоконтехназорат» мутахассислари томонидан экспертиза ўтказилгани, барча лойиҳа ҳужжатлари давлат стандартларига мос тузилгани, норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга тўлиқ мослиги таъкидлаб ўтилган.

Фото: Zarnews.uz

Лекин аҳоли идорама-идора хат ёзиб юрганида ҳеч ким келиб ҳақиқий ҳолатни ўрганмаган, носозликни бартараф этмаган.

Қаҳрамон Султоновнинг айтишича, кўчада нафақат 2015 йилда, ўтган йили ҳам газ портлаб, хонадонлардан бирига зарар етказган. АГТКС эгаси келиб, зарарларни қоплаб, хонадонни таъмирлаб берган, бироқ қувурни кўчирмаган.

* * *

Бу каби автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларга аҳоли пунктлари узра тортилган юқори босимли газ қувурларидан газ сизиб, хонадонларда портлаш содир бўлгани борасидаги биринчи воқеа эмас. Уларнинг айримлари аввал ҳам Kun.uz’да ёритилган.

2019 йил 11 ноябрь куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманининг Сурум маҳалласидаги намунали уй портлаши оқибатида бир оиланинг 3 аъзоси вафот этди ва 3 киши бутун умрга мажруҳ бўлиб қолди. Р.Каримовга тегишли бўлган 1-сонли намунавий уйдан 47,5 метр масофада ер остидан ўтган юқори босимли газ қувури тешилиб, ундан сизиб чиқаётган табиий газ ер ости бўйлаб Р.Каримовнинг хонадонига тарқалиб, газ чақнаши оқибатида кучли портлаш юз берган.

bLtzkJnqMoZNflQXX3KlbGwWYuF9vmvU.jpg (1280×714)
Фото: Тергов департаменти

2020 йил 30 ноябр куни Янгийўл тумани, «Қирариқ» МФЙ, Истиқлол кўчаси, 80-уй остидан ўтган юқори босимли газ қувуридан сизиб чиққан газ хонадонга тарқалиб, ҳаво аралашмаси билан қўшилиб, уйда электр чироғи ёқилиши натижасида портлаш содир бўлиб, икки киши ҳалок бўлган эди.

kA0gAV1SvimeDiAuvkE7bBQlfJQrzo4s.jpg (800×500)

Бундай воқеаларнинг ҳар кузда такрорланиши АГТКСларга аҳоли пунктлари ичидан ёки яқинидан юқори босимли газ қувурларини тортиш ўта хавфли эканлиги, бундай лойиҳаларга рухсат берилмаслигини тақозо этади. Яъни талаблар қайта кўриб чиқилиб, қатъийлаштирилиши лозим.

Бу борада коррупция омиллари мавжуд бўлиш эҳтимолини ҳисобга олиб, ҳеч қанақа «Саноатконтехназорат» ва бошқа шу каби ташкилотларнинг экспертиза хулосасига ишонмаслик, Бош прокуратура республикадаги жами АГТКСларнинг қувурлари лойиҳаланиши талабларга жавоб беришини ўз назоратига олиши керак.

Албатта, талабга жавоб бермайдиган, аҳоли турар жойларига потенциал хавф туғдирувчи АГТКСларнинг қувурлари кесиб ташланиши керак. Зеро, ҳар қандай тадбиркорнинг қиладиган фойдаси инсон умридан азиз эмас.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид