Ўзбекистон | 12:44 / 13.10.2021
1371
2 дақиқада ўқилади

4та туманда ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектлари солиқлардан озод этилади

Шароити оғир бўлган Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларида ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектлари фойда, ер, сув, мол-мулк, айланмадан олинадиган солиқлардан озод этилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

Фото: Fotolia

“Шунингдек, вилоятда барча инфратузилмага эга 48 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, уларда 600 та лойиҳа амалга оширилади, 10 мингта иш ўрни ташкил этилади, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳар йили 500 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ажратилади.

Мавжуд резервларни ишга солиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини 2 баробарга ошириш чоралари кўрилади. Келгуси беш йилда фойдаланишдан чиққан 50 минг гектар ер ўзлаштирилиб, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик ривожлантирилади. Бу қарийб 35 минг аҳолини банд қилиш имконини беради. Бунда, электр тортиш ва қудуқ қазиш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор ва Хатирчида 14 минг гектарда янги токзорлар ҳамда 5 минг гектарда интенсив боғлар барпо этилади. Натижада, 20 мингдан ортиқ аҳоли банд бўлади. Вилоятда 1 минг гектарда замонавий иссиқхоналар ишга туширилади ва 3 минг хонадонда ихчам иссиқхоналар қурилади. Бунда 7 мингдан ортиқ аҳоли банд бўлади. 

Шу билан бирга, 20 минг гектар, шундан 5,5 минг гектар пахта ва ғалла майдонларини очиқ танлов асосида, аҳолига 1 гектаргача узоқ муддатга ижарага бериш орқали 20 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид