Ўзбекистон | 16:48 / 13.10.2021
4879
4 дақиқада ўқилади

Портлашдан сўнг Каттақўрғондаги кўчадан катта босимли газ қувурлари кўчириляпти

Фото: Zarnews.uz

Жорий йил 8 октябрь куни Каттақўрғон шаҳридаги хонадонлардан бирида газ портлади. Аниқланишича, мазкур хонадон яқинидан АГҚШга тортилган юқори босимли газ қувури ўтган ва ундан сизиб чиққан газ портлаган. «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти матбуот хизматининг хабар беришича, аҳоли хонадонлари яқинидан ўтган газ қувурларини кўчириш чоралари кўрилмоқда.

Жорий йил 8 октябрь куни Каттақўрғон шаҳридаги Кўҳнадам маҳалласи Тошкент кўчаси 145-хонадонда газ портлади. Ҳодиса юзасидан ўтказилган дастлабки суриштирувларда аниқланишича, мазкур хонадон газ тармоғига уланмаган. Портлаш унинг яқинидан АГҚШга тортилган юқори босимли газ қувуридан сизиб чиққани туфайли содир бўлган.

Кейинчалик маълум бўлишича, Каттақўрғон шаҳар Кўҳнадам маҳалласи Тошкент кўчасида, портлаш содир бўлган хонадон яқинидан бир нечта катта ва кичик босимли газ қувурлари ўтказилган. Ушбу қувурларнинг биттасидан аҳолига газ борган. Қолганлари эса Каттақўрғон шаҳрида жойлашган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаларига тегишли юқори босимли газ қувурлари бўлган.

Қайд этилишича, газ қувурларига яқин жойлашган хонадонлар эгалари мазкур газ қувурларни кўчириш учун мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилган. Аммо уларнинг мурожаатига жиддий қаралмаган ва газ қувурлари хавфли эмаслиги ҳақида жавоб йўлланган. Жумладан, аҳоли мурожаатларига жавобан юборилган вилоят ҳокими ўринбосари А.Шукуровнинг хатида мазкур объектларни ишлатиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш борасидаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида «Саноатгеоконтехназорат» мутахассислари томонидан экспертиза ўтказилгани, барча лойиҳа ҳужжатлари давлат стандартларига мос тузилгани, норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга тўлиқ мослиги таъкидлаб ўтилган.

«Hududgaz Samarqand» газ таъминотининг маълум қилишича, портлашдан сўнг, ҳодиса юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ҳодисанинг сабабини ўрганиш учун ерости тармоқлари очиб кўрилганда хусусий тадбиркорга тегишли бўлган қувурдан сизиб чиққан газ портлашга сабаб бўлгани аниқланган. Эндиликда мазкур ҳудуддаги газ тармоқларини бошқа жойга кўчириш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу каби автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларга аҳоли пунктлари узра тортилган юқори босимли газ қувурларидан газ сизиб, хонадонларда портлаш содир бўлгани борасидаги биринчи воқеа эмас. Уларнинг айримлари аввал ҳам Kun.uz’да ёритилган.

2019 йил 11 ноябрь куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманининг Сурум маҳалласидаги намунали уй портлаши оқибатида бир оиланинг 3 аъзоси вафот этди ва 3 киши бутун умрга мажруҳ бўлиб қолди. Р.Каримовга тегишли бўлган 1-сонли намунавий уйдан 47,5 метр масофада ер остидан ўтган юқори босимли газ қувури тешилиб, ундан сизиб чиқаётган табиий газ ер ости бўйлаб Р.Каримовнинг хонадонига тарқалиб, газ чақнаши оқибатида кучли портлаш юз берган.

2020 йил 30 ноябрь куни Янгийўл тумани, «Қирариқ» МФЙ, Истиқлол кўчаси, 80-уй остидан ўтган юқори босимли газ қувуридан сизиб чиққан газ хонадонга тарқалиб, ҳаво аралашмаси билан қўшилиб, уйда электр чироғи ёқилиши натижасида портлаш содир бўлиб, икки киши ҳалок бўлган эди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид