Иқтисодиёт | 12:24 / 14.10.2021
29071
5 дақиқада ўқилади

Бухгалтерлар ДСҚдан норози: Товар-моддий бойликларни очиқлаш талаб қилинмоқда

2022 йилдан бошлаб ҚҚС тўловчилар товар-моддий бойликларини E-aktiv'га киритиши керак. Қатор корхоналар ҳисобчилари бундан норози. Солиқ қўмитасининг фикрича, улар омборлардаги “остаткаси”ни давлатга кўрсатгиси келмаётгани учун ҳам янги тартибни хушламаяпти.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

2022 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган юридик шахслар учун асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни ДСҚнинг E-aktiv автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш мажбурий бўлади.

Ҳукумат қарорига кўра, E-aktiv'га қуйидаги маълумотлар киритилиши лозим:

  • ҳисобга қўйиш (харид қилиш, қуриш), йўлга қўйиш, қайта баҳолаш ва АВ объектлари, номоддий активларни ва ТМРни бошқариш, шунингдек, устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операциялар;
  • ўз қийматини йўқотиши (яроқсизлиги, сақлаш муддатининг ўтиши, жисмоний ва маънавий эскириши, етишмовчилиги, йўқотилиши, зарар кўриши) туфайли хўжалик фаолияти жараёнида ТМРни ҳисобдан чиқариш – 3 иш куни мобайнида.

Бу тизим нега керак?

Тизим тадбиркорлик субъектларига:

— онлайн режимда, омбордаги маҳсулотлар ҳисоб-китобини юритиш, унинг кирими ва қолдиғини назорат қилиш;

— битта ёки бир нечта электрон омборлар барпо этиш ҳамда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида ҳисобини юритиш имконини беради.

Назорат қилувчи органларга, жумладан, ДСҚ:

— кирим қилинмаган товарларни сотиш ҳолатларини бартараф этиш;

— товарлар реализациясини назорат қилиш, шу орқали яширин иқтисодиётни қисқартиришга ёрдам беради.

Норози ҳисобчилар нима дейди?

Ушбу янгиликни кўплаб корхоналар ҳисобчилари яхши кайфият билан кутиб олмади. Ижтимоий тармоқларда E-aktiv тизими билан боғлиқ янгилик ҳисобчилар ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Улар томонидан билдирилган айрим фикрларни келтириб ўтамиз:

— “Яширин иқтисодиётни қисқартириш учун ҳар хил бюрократик тартибларни кўпайтириш ўрнига, солиқларни адолатли қилиш керак, тамом”.

— “Барча товар-моддий бойликларни кеча-ю кундуз дастурларга киритамиз. Ўзи бухгалтерлар оддий иш ва ҳисоботларни бажаришга вақт тополмайдилар. Байрамлар ва дам олиш кунлари, хайр!”

— “Бизнес омбудсманларимиз қаерга қарашаётганини, умуман бу Конституцияга ва бошқа ҳуқуқларга қанчалик мос келишини тушунмаяпман”.

Солиқ қўмитаси нима дейди?

Kun.uz корхона ҳисобчиларининг ижтимоий тармоқлардаги муҳокамасига Давлат солиқ қўмитасининг муносабати билан қизиқди. Қўмита бўлим бошлиғи Музаффар Назаровнинг таъкидлашича, янги дастурга маълумотларни юклаш ҳеч қандай оворагарчиликларни туғдирмайди.

“Бу корхона ҳисобчиларининг баҳонаси, холос. Бухгалтерлар қайси программани ишлатаётган бўлса, масалан, 1С ёки ўзлари Excel'да ҳисобини юритаётган бўлса, шу дастурга биттада автомат юкланади.

Улар ўзларининг омборидаги “остаткаси”ни кўрсатгиси келмайди. Улар барибир ҳар бир маҳсулотни ўзлари сотиб олганда ва кирим қилганда счёт-фактура орқали қабул қилади. Яъни уларда бу рўйхат ўзлари ишлатадиган дастурда ёки Excel'да бор, ўшани E-aktiv'га юклаб қўйса бўлди. Ҳеч нима янгидан қилинмайди. Кирим қилинмаган (“левий”) маҳсулоти бўлса, ўшани киритиш керак бўлади холос, мана шу ёқмаяпти уларга, чунки ноқонуний маҳсулоти кўриниб қолади”, – деди ДСҚ масъули.

Савдо-саноат палатаси янги тартибга қарши

Савдо-саноат палатаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаб боради. Палата Kun.uz сўровига жавобан ҳукуматнинг юқоридаги қарори лойиҳаси юзасидан ўтказилган экспертиза хулосасини тақдим этди.

ССП ушбу ҳужжатни тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир қилиши мумкинлиги борасида хулоса берган ва унга қарши позиция билдирган.

Янги тизим барча корхоналарга татбиқ этилиши мумкин

Қарорга мувофиқ, товар-моддий ресурслар ҳаракатланиши ҳисоб-китобини E-aktiv тизимида акс эттириш апробациясида 31 ташкилот иштирок этмоқда. 2022 йилнинг 1 январидан барча ҚҚС тўловчилар ва устав фондида 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга корхоналар ундан фойдаланиши шарт.

Бироқ келгусида эҳтимол қолган барча хўжалик юритувчи субъектлар ҳам бунда иштирок этиши мумкин. Тизимнинг иш натижалари таҳлил этилгач, 2022 йилда у барча хўжалик юритувчи субъектларга татбиқ этиладими ёки йўқлиги юзасидан қарор қабул қилинади.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид