Жамият | 17:50 / 14.10.2021
15600
3 дақиқада ўқилади

“Юрак амри” лойиҳаси яна 60 нафар етим болага совғалар улашди

“Юрак амри” инсонпарварлик лойиҳаси “60 кабутар” тадбирида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 60 нафар етим болаларга совғалар улашди.

Ота-она меҳридан мосуво бу болалар Меҳрибонлик уйларига топширилмаган, яқин қариндошлари томонидан васийликка олиниб, оилаларда тарбия топаётган болалардир.

Лойиҳа асосчиларидан бири Достон Убайдуллаев Kun.uz билан суҳбатда лойиҳа бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилишини маълум қилди.

Достон Убайдуллаев

“Бугун бу йўналишдаги 4-тадбиримиз ўтказиляпти. Бу гал Шайхонтоҳур туманидаги шундай болаларни хурсанд қилишни ният қилдик. Уларни топишда бизга яқиндан ёрдам берган туман ҳокимлигига ҳам миннатдорчилик билдираман.

Тошкент шаҳридаги барча туманларда шунақа тадбирлар ўтказишни мўлжаллаган эдик. Фикримизни ўзгартиришимизга тўғри келяпти, чекка ҳудудлардаям шундай болалар бор ва улар ҳам меҳрга муҳтожлиги сабаб вилоятларда ҳам “60 кабутар” лойиҳасини ташкиллаштиришни ният қилдик.

Бир нарса бизни хурсанд қилади: айрим вилоятларда ҳам саховатпеша инсонлар томонидан шунақа тадбирлар ўтказилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Уларга ибрат бўлганимиздан хурсандмиз, шу каби лойиҳалар кўпайса, мақсадимизга етган бўламиз.

Олдинги лойиҳаларимизда совғаларни ўзимиз тайёрлаган эдик. Бу гал ўзгача ёндашдик: болаларнинг ёнига бирма-бир бориб уларнинг орзулари, нима олишни хоҳлаётганликлари билан қизиқдик. Кимдир компьютер, кимдир велосипед сўрашини, яна кимдир ўқув марказида таҳсил олишни, аммо имконияти йўқлигини айтди. Шунга қараб биз уларга совға ҳозирладик ва бугун уларни топширамиз”, – деди лойиҳа ташаббускори 13 октябрь кунги тадбирда.

Достон Убайдуллаев ҳомийлик ёрдами кўрсатган барча саховатли инсонларга ва ҳамкорликда иш олиб бораётган ўқув марказларига ташаккур билдирди.

Тадбирда лойиҳа ташаббускорлари ҳамда ҳомийлар томонидан болаларга совғалар топширилди. 20 та тикув машинаси, 15 та велосипед, 12 та ноутбук, 4 та планшет, 2 та телефон, 1 та совиткич, 1 та кондиционер ва ўқув курсларига 25 та йўлланмадан иборат совғалар 60 нафар ўксик кўнгилни хушнуд қилди.

Бундан ташқари, уларга турли ширинликлар ва иссиқ кийим-бош ҳам тақдим этилди.

Болалар учун чин маънодаги байрам дастурида эртак қаҳрамонлари, кўнгилочар ўйинлар уларнинг кўзидаги олам-олам қувончга, меҳрга ташна юракларининг бироз бўлса-да таскин олишига сабаб бўлди.

Мавзуга оид