Ўзбекистон | 16:18 / 15.10.2021
3489
2 дақиқада ўқилади

“Атмосферага чиқарилаётган газ ва чанг миқдорини 1,5 баробар камайтирамиз” — Нарзулло Обломуродов

Ўзбекистон президентлигига Экологик партиядан кўрсатилган номзод Нарзулло Обломуродов Навоий вилоятида ўз сайловолди тарғиботини олиб бормоқда.

Фото: Экологик партия

Навоийлик сайловчилар билан учрашувда номзод атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичлари экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминловчи экологик хавфсизлик талабларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида гапирди.

Нарзулло Обломуродовнинг айтишича, жойларда атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш орқали уларнинг технологик жараёнларини модернизация қилиш, янги инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади.

Шунингдек, атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай хўжалик фаолияти турларини ифлослантирувчи моддаларни тозалаш ускуналари билан жиҳозламасдан лойиҳалаштириш тақиқланади ва атмосфера ҳавосига углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробарга камайтириш йўлга қўйилади.

Фото: Экологик партия

“Энергетика соҳасининг асосий драйвери инновацион технологиялар эканлигини инобатга олган ҳолда соҳада қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратилади.

  • энергия истеъмоли тежамкорлигини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш;
  • қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари соҳасида бозор механизмларини татбиқ этиш, энергия ресурслари бозорида хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш;
  • чекка ва олис ҳудудларда қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш;
  • энергетика соҳасида ялпи ички маҳсулотга нисбатан углерод сарфи ҳажми камайишига ва 2050 йилда тўлиқ воз кечишга эришиш, соҳада инновацион ечимларни татбиқ этишни рағбатлантиришни мақсад қилганмиз”, деди президентликка номзод Нарзулло Обломуродов.

Мавзуга оид