Жамият | 18:48 / 15.10.2021
9883
2 дақиқада ўқилади

Икки кунлик рейдда мактаб ўқувчиларидан 338 нафари бозорларда ишлаётгани аниқланди

Ўзбекистондаги мактабларда 8-9 октябрь кунлари ўтказилган рейд давомида дарсларни сабабсиз қолдирган 2 832 нафар ўқувчи аниқланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Тиғ» ва «Давомат» рейд тадбирлари ўқувчи-ёшларнинг назоратсиз қолиши ва содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, дарс жараёнида ўқишга бормасдан бемақсад юрган, вояга етмаганларни аниқлаш, уларни ўқишга қайтариш ва давоматни яхшилаш мақсадида ХТВ, ИИВ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилди.

Ўтказилган рейд давомида дарсларни сабабсиз қолдирган 2 832 нафар ўқувчиларнинг 439 нафари дарс вақтида интернет-кафеда, 68 нафари тунги интернет-клубда, 338 нафари бозорларда савдо-сотиқ ва аравакашлик, 39 нафари дайдилик, 15 нафари эса жамоат транспортида чиптачилик фаолияти билан шуғулланиб юргани аниқланиб, таълимга жалб этилган. Шу билан бирга, ота-оналар назорати ва қаровисиз қолган 1542 нафар қаровсиз қолган ўқувчи аниқланиб, улар таълим олиши учун махсус мактаб-интернатларга жойлаштирилган.

Рейд натижасида сабабсиз дарсларда қатнашмаётган, назоратсиз қолганлиги аниқланган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларининг йиғилишларига жалб этилиб мазкур ҳолатлар муҳокама қилинган.

«Шу ўринда Халқ таълими вазирлиги барча ота-оналардан фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашишларини, фарзандлари уйдан чиқаётганда унинг портфелида ва ёнида ўткир тиғли жисмлар мавжуд эмаслигини кўздан кечиришни, мактабга ўз вақтида бораётганини назоратга олишларини сўраб қолади», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид