Жаҳон | 21:23 / 15.10.2021
4099
1 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида кўчада ҳимоя ниқоби тақиш талаби бекор қилинди

Саудия Арабистони ҳукумати 17 октябрдан очиқ жойларда ҳимоя ниқоби тақиш режимини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда подшоҳлик ички ишлар вазирлиги маълум қилган.

Фото: Anadolu Agency

“Ниқоблар эндиликда очиқ жойларда мажбурий ҳисобланмайди. Саудия Арабистони коронавирусга чалиниш ҳолатлари камайгани ортида пандемия билан боғлиқ киритилган чекловларни енгиллаштиришни бошламоқда”, деб айтилган хабарда.

Шу билан бирга, ёпиқ ва қоидалар билан белгиланган жойларда ниқоб тақиш талаби ҳамон сақланиб қолади.

Подшоҳликда ниқоб тақиш режимини бузиш қатъий жазолаб келинган. Хусусан, сентябрда подшоҳлик фуқароси жамоат жойида ниқобини ечгани ва хавфсизлик хизмати ходимининг кўрсатмасига бўйсунмагани учун 5 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Сентябр ойи ҳолатига кўра, аҳолиси 35 млн кишини ташкил қилувчи Саудия Арабистонида коронавирусга қарши 40 млнта вакцина қўлланган. Мамлакатда 4 та вакцина - Moderna, Johnson & Johnson, AstraZeneca ва Pfizer/BioNTech вакциналари қўллашга маъқулланган.   

Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, подшоҳликда айни вақтда касалланиш январ ойидан бери энг паст даражада.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид