Ўзбекистон | 19:06 / 15.10.2021
7131
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон дарёсидаги балиқлар заҳарланиши масаласида Бош прокуратура шуғулланмоқда. Зарар қарийб 5 млрд сўм эканлиги айтилди

Зарафшон дарёсига “Навоийазот” томонидан чиқарилган зарарли моддалар сабаб етказилган зарар миқдори 5 млрд сўмга яқин. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси раҳбари ўринбосари Исломбек Боқижонов АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Боқижоновга кўра, “Навоийазот” АЖ томонидан ташланган заҳарли чиқиндилар сабаб кўплаб балиқларнинг нобуд бўлиши ҳолати 30 дан ортиқ инспекторлар томонидан ўрганилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ушбу воқеада фақатгина табиатга етказилган зарар миқдорининг ўзи 4 млрд 800 млн сўмдан кўпроқ экани аниқланган.

“Зарафшон дарёси сувини заҳарлаган бу ташламалар “Навоийазот” АЖдан чиқаётгани аниқланган. Бу сувнинг таҳлилида аниқланишича, ундаги зарарли моддалар миқдори беш бараваргача ортиб кетган. Барча маълумотларни Республика Бош прокуратурасига тақдим қилганмиз, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш улар томонидан кўриб чиқилади”, деди Экоқўм раиси ўринбосари.

Айтилишича, мазкур ҳолат учун “Навоийазот” АЖ жавобгар сифатида жалб этилади.

Аввалроқ, “Навоийазот” АЖга қарашли 267-қудуқдан Зарафшон дарёсига ҳаёт учун хавфли моддалар чиқарилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ушбу моддалар сабаб дарё сувида азот аммоний 21 маротаба, азот нитрат 2,6 маротаба, азот нитрит 60 маротаба, хлоридлар 1,3 маротаба, мис ионлари 2,1 маротаба белгиланган меъёрлардан ошиб кетган. Оқибатда дарёда ёппасига заҳарланиш юзага келиб кўплаб балиқларнинг ўлимига сабаб бўлган эди.

Айтилишича, бу балиқлар орасида “Қизил китоб”га киритилганлари ҳам бор.

Ўзбекистон Экологик партияси “Навоийазот” АЖ масъуллари жамоатчиликка тушунтириш беришларини талаб қилди.

Мавзуга оид