Жаҳон | 15:37 / 16.10.2021
18360
10 дақиқада ўқилади

АҚШ суди DV-2020 ғолибларига 9095та виза бериш ҳақида қарор чиқарди. Бу визалар қандай тақсимланади?

АҚШ Давлат департаменти грин-карта ғолибларига қарши яна бир судда ютқазди. Суд департаментга 1 йил ичида DV-2020 ғолибларига 9095та виза бериш мажбуриятини юклади.

Фото: Getty Images

Колумбия округ суди 13 октябрда “Mr. Gomez v. Biden” (“Жаноб Гомез Байденга қарши”) деб номланган иш бўйича қарорини эълон қилди. Қарорга кўра, 2022 йилнинг 30 сентябригача DV-2020 дастурининг ғолибларига захираланган 9095та виза берилиши керак.

Суд Давлат департаментининг сўровини қаноатлантирмади

Суд қарорида келтирилишича, даъвогарлар суд иши давомида жавобгар – АҚШ Давлат департаменти билан келиша олмаган. Судда тарафларнинг позицияси бир-бириникидан кескин фарқ қилган.

DV-2020 дастури ғолиблари захираланган визаларни беришни 2022 йилнинг 31 январигача тугатишни талаб қилишган бўлса, Давлат департаменти манфаатларини ҳимоя қилган адвокатлар DV-2020 дастури ғолибларининг аризаларини кўриб чиқишни зудлик билан бошлаш имконияти йўқлигини баён қилишиб, жараённи 2023 молиявий йилгача кечиктиришни сўраган.

Жавобгар томон грин-картачиларга виза бериш кечикиши мумкинлигини қуйидаги сабаблар билан асослаган:

  • Давлат департаментининг виза бўлими 2022 йил давомида Афғонистонни тарк этишга қарор қилган шахсларга шошилинч шошилинч виза ёрдами кўрсатиш, хусусан, уларга махсус иммиграцион визаларни тайёрлаб беришни ўз ичига олувчи эвакуация ишлари билан тўлиқ банд бўлади;
  • Айни пайтда ушбу бўлимда муайян молиявий йил тугаганидан сўнг DV-дастурларини кўриб чиқиш учун ахборот тизимлари инфратузилмаси йўқ;
  • Департамент ҳозир ёки яқин келажакда DV-2020 дастури визалари учун аризаларни қайта кўриб чиқиш учун қўшимча имкониятларга эга эмас.

Томонларнинг иддаоларини кўриб чиққач, суд Афғонистондан эвакуация қилинаётганларга виза бериш жараёни давом этаётганига ишонган, бироқ Давлат департаменти суд қарорини бажариш учун ахборот тизимлари инфратузилмасини ўзгартириш зарурлигини била туриб, нима учун бу ишни 2022 йил 1 октябрдан олдин амалга оширилмаслиги бўйича етарлича тушунтириш берилмаган деб топган.

Шу боис Колумбия округ суди судьяси Амит Меҳта жавобгар зиммасига DV-2020 дастури ғолибларига 9095та визани иложи борича тезроқ беришни бошлаш ва 2022 йил 30 сентябридан кечиктирмай DV-2020 дастури ғолибларига захираланган визаларни бериб тугатиш мажбуриятини юклади.

Давлат департаменти суд қарори устидан апелляция шикояти бериши мумкин

Миграция масалалари бўйича мутахассис Ўткир Раҳматуллаевнинг сўзлариг кўра, АҚШ Давлат департаменти Колумбия округ судининг “Mr. Gomez v. Biden” ишига оид 13 октябрдаги қарори бўйича муносабат билдирилишини маълум қилган. Бундан шуни тахмин қилиш мумкинки, департамент ё суд қарори устидан апелляция шикояти бермоқчи, ё масаланинг ечими бўйича бошқа бир тўхтамга келади.

“Дейлик, апелляция берилса, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Аввалоси, Давлат департаментининг судга апелляция шикояти киритиш учун 30 кун вақти бор. 13 ноябргача бу имкониятдан фойдаланишлари мумкин. Колумбия округ судининг 13 октябрдаги қарори устидан апелляция шикояти киритилган тақдирда бу жараён камида 6 ой, аксар ҳолларда эса бир йил ва ундан кўп вақт давом этиши мумкин.

Бундай вазиятда Давлат департаменти манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокатлар суддан апелляция инстанцияси қарори чиқарилмагунча 2021 йил 13 октябрь куни чиқарилган суд қарорини “музлатиб” қўйишни, яъни ижросини тўхтатиб туришни сўрашлари эҳтимоли юқори.

Суд давлат адвокатларининг бу илтимосини қаноатлантирса, то апелляция жараёни якунига етмагунча DV-2020 дастури бўйича захираланган визалар ҳеч кимга берилмайди. Борди-ю судья аввалги суд қарори ижросини тўхтатишни лозим деб топмаса, захираланган 9095та DV-визани бериш жараёни бошланади”, дейди Ўткир Раҳматуллаев.

9095та виза қандай тақсимланади?

DV Lottery дастурида cўнгги 5 йилда АҚШга 50 минг фуқаросини иммиграция қилган давлатлардан ташқари барча давлатлар фуқаролари қатнаша олади. Ўзбекистонликлар ҳам дастурда иштирок эта олувчилар жумласидандир. Ҳар йили лотерея ўйнаганлар орасидан дунё бўйлаб 55 минг киши танлаб олинади. Грин-карта эгалари тасодифий танланади. Бериладиган визалар мамлакат ва минтақа бўйича чекланган. Ҳеч қайси мамлакатга умумий “грин-карта”нинг 7 фоизидан (3,5 минг) ортиғи берилмайди.

DV-2020 дастурида қатнашиш учун дунё бўйича 14 722 798та ариза келиб тушган. Ариза берувчиларнинг оила аъзолари билан қўшиб ҳисоблаганда бу кўрсаткич 23 182 554тани ташкил этади. Шундан 83 884 киши танлаб олинган.

Ғолибларнинг 1743 нафари – ўзбекистонлик. Бироқ 28884 нафар шахс грин-карта ололмаслигини ҳамма олдиндан билган, чунки ҳар йили 55 минг киши танлаб олинишини юқорида таъкидлаб ўтдик. Кўпроқ одам танлаб олиниши консул билан виза олишгача бўлган жараёнда кўплаб иштирокчиларга ҳужжатларидаги камчилик ва бошқа сабабларга кўра рад жавоби берилиши эҳтимоли билан боғлиқ.

Белгиланган тартибга кўра, DV-2020 дастури ғолиблари 2019 йилнинг 1 октябридан 2020 йилнинг 30 сентябригача виза олишлари керак эди. Бироқ атиги 18 288 киши грин-карта олишга муваффақ бўлади. Коронавирус пандемияси туфайли 2020 йилнинг 20 мартида АҚШнинг хорижий давлатлардаги барча консуллик идоралари, ваколатхона ва элчихоналари виза беришни тўхтатиши ортидан DV-2020 дастури ғолиблари океанортига кета олмай қолишди.

2020 йилнинг апрелида АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп мамлакатга иммиграцияни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги фармонни имзолаган, ҳужжатда коронавирус сабабли юзага келган инқироз шароитида америкаликларга иш ўринларини кафолатлаш учун хорижликларга камида 60 кунга грин-карталар берилиши тўхтатилиши кўзда тутилганди. Кейинчалик чеклов номаълум муддатгача узайтирилди ва DV-2020 дастури ғолиблари ҳам бундан азият чекишди. Натижада бутун дунё бўйлаб грин-карта лотереяси минглаб ғолибларининг АҚШ ҳукуматига қарши судлашувлари авж олди.

Хўш, Колумбия округ судининг қарори билан захирага олинган 9095та виза кимларга берилади? Бу борада жавоблардан кўра саволлар кўпроқ. Кўпчилик ушбу саволларга АҚШ Давлат департаменти томонидан ойдинлик киритилишини кутмоқда.

Ҳозирча маълум бўлгани шуки, “Mr. Goodluck v. Biden” (“Жаноб Гудлак Байденга қарши”) деб номланган суд ишидан фарқли ўлароқ 9095та виза даъвода иштирок этган-этмаганидан қатъи назар, DV-2020 дастурининг барча ғолибларига берилиши мумкин. “Mr. Goodluck v. Biden” иши бўйича суд қарорида фақат даъвода қатнашганлар захираланган 6914та виза соҳиби бўлиши мумкинлиги айтилган эди.

Адвокатларнинг айтишича, DV-2020 бўйича биринчи навбатда виза олиш учун консуллик суҳбатида бўлган, бироқ ҳужжатларида қандайдир камчиликлар аниқлангани учун қайта текширувга юборилган шахслар суҳбатга биринчи бўлиб чақирилиши кутилмоқда. Шунингдек, элчихона томонидан суҳбат куни белгиланган, бироқ пандемия туфайли суҳбатга чақирилмаган шахслар ҳам биринчи навбатда визаларга даъвогар бўла олишади. Қолган ғолибларнинг аризалари эса навбат бўйича кўриб чиқилиши тахмин қилинмоқда.

“Захирага олинган 9095та виза бўйича аризалар қай тартибда кўриб чиқилади? Суд қарорида бу саволга жавоб берилмаган. Ҳужжатда бу Давлат департаментининг ваколатидаги масала экани таъкидланиб, фақатгина захираланган визалар “малакали иммигрантларга тасодифий тартибда” берилиши кераклиги баён этилган. Жавобгар суд қарори бўйича қилинган ишлар ҳақида ҳар 60 кунда ҳисобот бериб бориши шарт.

Гарчи суд қарорида визалар қай тарзда тақсимланиши департаментга ҳавола қилган бўлса-да, бу борада суд ишида қатнашган адвокатлар ўз тажрибаларига асосланиб айрим тахминларни билдиришмоқда. Консул билан суҳбатда бўлган, бироқ ҳужжатларида қандайдир камчиликлари бўлган, масалан, элчихонага топширган судланмагани ҳақида маълумотномасининг амал қилиш муддати ўтиб кетган, қайсидир ҳужжати инглиз тилига таржима қилинмай қолиб кетган, ёки ажрим ҳақидаги ҳужжатни тақдим этмаган бўлса, бундай шахсларга камчиликларни бартараф этиш учун вақт берилган ва шундан кейингина виза берилишини маълум қилинган, бироқ у то кўрсатилган камчиликларни тузатгунига қадар элчихона ёпилиб қолган бўлса, бундай шахсларнинг ҳужжатлари биринчи навбатда кўриб чиқилади.

Бу жараён маъмурий текшириш деб аталади ва у икки турга бўлинади. Юқоридаги санаб ўтилган вазиятлар оддий маъмурий текширишга мисол бўлса, иккинчиси мураккаброқ. У қайсидир аризачининг ўзи ёхуд ҳужжатлари консулда шубҳага туғдирганда тайинланади. Тўғрисини айтиш керак, бундай ҳолатда виза берилишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Сабаби талабгорлар шундоғам кўп бўлган вазиятда элчихонанинг консуллик бўлими бу тоифадагиларнинг аризаларини қайта кўриб чиқишга вақт топа оладими-йўқми, буниси қоронғи. Яна ҳам нима бўлиши вақт кўрсатади.

АҚШнинг баъзи мамлакатлардаги элчихоналари яхши ишлайди, баъзиларининг фаолияти суст. Хўш, бундай вазиятда 9095та виза турли мамлакатлардаги DV-2020 ғолиблари ўртасида қандай тақсимланади? АҚШ қонунчилигига кўра бундай вазиятда ҳар битта мамлакатга 7 фоиздан зиёд виза берилмаслиги керак. Кўп нарса АҚШ Давлат департаментининг ваъда қилинган расмий муносабати эълон қилингач маълум бўлади”, дейди Ўткир Раҳматуллаев.

Эслатиб ўтамиз, Колумбия округ суди даъвода иштирок этган DV-2021 ғолиблари учун 6914та виза захирага олиниши ҳақида қарор чиқарганди. Даъвогарлар орасида 350 нафар ўзбекистонлик ҳам бор. Захираланган визаларни бериш қачон бошланиши ҳозирча номаълум. Чунки 2022 йилда яна бир суд қарори чиқарилиши кутилмоқда, шу боис якуний суд қароригача воқеалар ривожини тасаввур қилиш мушкул.

Аввалроқ бир гуруҳ ўзбекистонликлар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси DV-2021 дастури ғолибларига виза беришда сусткашлик қилаётгани, 16 сентябрдан буён атиги 41 киши суҳбатга чақирилганидан шикоят қилишган эди. Жараёндан хабардор ватандошларнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 28 сентябрь куни ўтказилган суҳбатдан сўнг 40 нафар ўзбекистонликка DV визаси берилган.

Мавзуга оид