Ўзбекистон | 15:58 / 16.10.2021
5792
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат кодексига уй ишчиларининг ҳуқуқий ҳимоясига доир бандлар киритилмоқда

Хонадонларда хизмат қилувчи энага, оқсоч, боғбон, қоровул ва ҳайдовчи кабилар уй ишчиларига киради. Бу каби касб эгаларининг фаолияти уларнинг меҳнат стажига киритилиши мумкин.

Фото: Getty Images

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан учинчи ўқишда қабул қилинган Меҳнат кодексига уй ишчиларининг меҳнати борасидаги тегишли бандлар киритилган. Бу ҳақда депутат Зафар Худойбердиев маълум қилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 514–520-моддаларида ушбу масала ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Хусусан, кодекснинг 514-моддаси “Уй ишчилари” деб номланиб, унда уй ишчиларига шундай таъриф берилди:

“Иш берувчи бўлган жисмоний шахсларга уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун ишларни бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи ходимлар (боғбонлар, энагалар, қоровуллар, оқсочлар, ҳайдовчилар ва бошқалар) – уй ишчиларидир”.

Шунингдек, ушбу моддада уй ишчиларини ишга қабул қилишга улар 16 ёшга тўлганида йўл қўйилиши, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзида фуқаролик муомала лаёқати тўлиқ ҳажмда мавжуд бўлган тақдирда, уй ишчиларини ишга ёллаш ҳуқуқига эга эканликлари белгилаб қўйилди.

Кодекснинг 515-моддасида ишга қабул қилинаётган уй ишчиси билан номуайян муддатга ёки муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкинлиги, агар тарафлар уй ишчисини озиқ-овқат ва уй-жой билан таъминлаш тўғрисида келишувга эришган бўлса, бу шарт меҳнат шартномасининг мазмунига киритилиши кераклиги, уй ишчиларини ишга қабул қилиш буйруқ чиқарилмасдан амалга оширилиши ҳамда уй ишчиларига меҳнат дафтарчалари юритилмаслиги белгиланди.

Меҳнат кодексида, шунингдек, уй ишчиларининг иш режими, дам олиш кунлари ва йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланиши, тарафлар томонидан меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисида ходимни камида 14 календар кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириши шартлиги, меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби, ёлланиб ишлаш бўйича иш даврлари ходимнинг меҳнат стажига киритилиши ҳамда уй ишчиси ва иш берувчи бўлган жисмоний шахс ўртасидаги ўзаро келишув асосида тартибга солинмаган якка тартибдаги меҳнат низолари суд тартибида ҳал этилиши белгилаб қўйилмоқда.

Мавзуга оид