Жаҳон | 09:19 / 18.10.2021
4117
2 дақиқада ўқилади

КХШТ давлатлари Тожикистонда учта ҳарбий машғулот ўтказади

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг жамоавий кучлари “Жанговар биродарлик-2021” тезкор-стратегик машғулотлари доирасида Тожикистон ҳудудида 3 та машғулот ўтказади. Ушбу машғулотларга 4 минг киши ва 500 дан кўпроқ техника бирлиги жалб қилинади.

Фото: odkb-csto.org

“Эшелон-2021”, “Қидирув-2021” махсус машғулотлари ҳамда “Ўзаро ҳамкорлик-2021” қўшма машғулотида 4 минг киши ва 500 дан кўпроқ техника бирлиги иштирок этади. Машғулотлар Тожикистоннинг Момирак ва Ҳарбмайдон полигонларида ўтказилади”, дейилган хабарда

Таъкидланишича, “Эшелон” машғулотларида қўшма амалиётга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давомида моддий-техник таъминотни ташкиллаштириш машқ қилинади. “Қидирув” махсус машғулотларида ҳарбий амалиётни ўтказиш учун разведка олиб бориш кўникмалари сайқалланади. “Ўзаро ҳамкорлик” машғулотларида эса халқаро террорчи ташкилотлар жангариларининг КХШТга аъзо давлатлар ҳудудига кириши билан боғлиқ чегараолди қуролли ихтилофини бартараф этиш бўйича қўшма амалиёт олиб бориш машқ қилинади. 

“Жанговар биродарлик” доирасида ўтказиладиган ҳар бир машғулотда КХШТга аъзо барча 6 давлатнинг ҳарбий контингентлари иштирок этади.

Аввалроқ КХШТнинг бирлашган штаби бошлиғи генерал-полковник Анатолий Сидоров “Жанговар биродарлик-2021” машғулотларида 5 мингдан кўпроқ ҳарбий иштирок этишини маълум қилганди. Бундан ташқари, машғулотларга 700 дан кўпроқ қурол, ҳарбий ва махсус техника, жумладан 650 та зирҳли техника, 20 тагача самолёт, 20 тадан кўпроқ вертолёт ва 15 та учувчисиз парвоз қурилмаси жалб қилинади.

Айни вақтда КХШТга 6 та давлат – Арманистон, Беларусь, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо ҳисобланади. 

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид