Жаҳон | 16:48 / 19.10.2021
10088
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда коронавируснинг янада юқумли тури тарқала бошлади

Қайд этилишича, инфекциянинг янги тури дельта-штаммнинг вариацияси бўлиб, унга нисбатан камида 10-15 фоизга юқумлироқ.

Фото: Reuters

Буюк Британияда коронавируснинг AY.4.2 деб номланган янги вариацияси тарқала бошлади. Бу ҳақда Кембриждаги Уэллком Сэнгер институти олими Жеффри Барретт ва Лондон университети генетика институти директори Франсуа Баллуга таяниб Financial Times хабар берди.

Қайд этилишича, инфекциянинг янги тури дельта-штаммнинг вариацияси бўлиб, унга нисбатан камида 10-15 фоизга юқумлироқ. Баллунинг сўзларига кўра, AY.4.2 коронавируснинг пандемия бошланганидан буён аниқланган энг юқумли версияси бўлиши мумкин.   

Шу билан бирга, мутахассис янги вариация фақат Буюк Британия ҳудудида қайд этилаётганини таъкидлади. 

Ўз навбатида, Баррет AY.4.2 юқумли бўлишига қарамасдан, Буюк Британияда касалланиш ҳолатларининг ўсиши аҳолининг профилактика чораларига риоя қилмаслиги билан боғлиқлигини айтди.

Охирги маълумотларга кўра, Буюк Британияда коронавирус юқтириш билан боғлиқ 8 млн 497 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, 138 минг 600дан ортиқ бемор вафот этган. Мамлакатда охирги суткада 45 мингдан ортиқ янги ҳолат аниқланган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид