Жамият | 21:58 / 19.10.2021
28404
4 дақиқада ўқилади

«Кечириш ва унутишни сўрашди» — «Ўткан кунлар» таржимони ваъда қилинган гонорар тўланмаётганидан шикоят қилди

«Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилган Марк Риз ўзига ваъда қилинган гонорар 5 ойдан бери тўланмаётганини билдириб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди. Kun.uz ҳолат бўйича изоҳ олиш учун Ёзувчилар уюшмаси ва Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан боғланди.

Фото: Алимурод Муҳаммадамин

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилган америкалик маданиятшунос Марк Эдуард Риз Twitter саҳифасида Ўзбекистондаги амалдорлардан бири президент томонидан беш ой олдин ваъда қилинган гонорардан кечиб юборишни сўрагани ҳақида ёзди.

«5 ой олдин мени яхшигина гонорар билан мукофотлаб, «Ўткан кунлар»нинг инглиз тилидаги таржимасидан минг нусха сотиб олиниб, элчихоналарга тарқатилишини ваъда бергандингиз», деб мурожаат қилди Марк Эдуард Риз Ўзбекистон президентига.

Таржимоннинг қайд этишича, у май ойида Тошкентдан кетишидан бир кун олдин ҳукуматда ишлайдиган кишилардан бири Абдулла Қодирийнинг невараси, таржимоннинг дўсти ҳисобланган Хондамир Қодирийга телефон қилиб, «Мен 7 дақиқадан кейин президент билан учрашаман. У Маркка ташрифи пайтида қанча гонорар берганимизни билмоқчи. Биз унга пул бермадик. Марк буни кечириб, унутиб юбора оладими?», деган.

«Мен эса ўша ҳукумат ходимига «Сиз мендан президент Мирзиёевни алдашимни сўраяпсизми? Бориб чойингизни ичинг», дедим. Менинг бундай муносабатимдан сўнг ўша ходим дўстимга таҳдид қилган.

Бундай кутилмаган ҳолатдан ҳайратда қолдим. Воқеадан бир кун олдин жаноб Султонов (президент маслаҳатчиси – Хайриддин Султонов) билан кўришган ва уни профессионал сифатида кўргандим. У ҳам таржималар қилган ва ўйлайманки, ҳозирги ўрнига муносиб. Бироқ хулосам шуки, топ лидерларнинг ҳаракатлари ўртадаги коррупционер одамлар сабаб ҳавога учяпти», деб ёзади Марк Эдуард Риз.

Таржимон ўзига Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университетидан иш таклиф қилингани, лекин уни рад этгани ҳақида ҳам ёзган.

Унинг айтишича, ушбу таклиф билдирилган онлайн учрашувда Ўзбекистон томонидан дўстига таҳдид қилган ва унга гонорарни «унутиш ва кечириш»ни таклиф қилган ходим ҳам иштирок этган.

«Мен ўғлим билан Тошкентга кўчиб бориш ва мени сизни алдашга ундаган, дўстимни қўрқитган ўша одамга хавфсизлигимни топширишни хоҳламайман.

Биласиз, охирги 3 йилда кўплаб интерьвюларда қатнашдим. Навоий институтида бирор нарса эвазига эмас, текинга онлайн дарслар ўтдим. Сафарларимни ўзимнинг шахсий маблағларим ҳисобидан қоплаганман.

Ишончсизлигим сезиларли ошган. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон халқи, сизнинг қўллаб-қувватлашингиз мени ушлаб турибди. Ўзбекистонда виждонсиз одамлардан кўра виждонли одамлар кўпроқ. Бироқ бир-икки одам сизнинг Ўзбекистонни ва сизнинг ислоҳотларингизни орқага тортиши мумкин», деб ёзади Марк Эдуард Риз.

Таржимон бу аккаунтни (@uzbekmodernist аккаунти) ўзбек адабиёти ва маданиятини тарғиб қилиш учун очгани ва ушбу каналдан айрим ҳукумат вакилларининг ножўя ҳаракатларига эътибор қаратиш учун фойдаланиш унга ёқимсиз эканлигини таъкидлаган.

Kun.uz ҳолат бўйича изоҳ олиш учун Ёзувчилар уюшмаси ва Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан боғланди.

Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев бу мавзу билан уюшма шуғулланмаслигини, ташкилотнинг мавзуга алоқаси йўқлигини билдирди.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев ҳозир пул тўлаб бериш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирди.

«Биз бошида китоб таржима қилиш бўйича буюртма бермагандик. Марк Эдуард Риз тайёр вариантни олиб келганда унга 10 минг АҚШ доллари миқдорида қалам ҳақи берамиз, мингта китоб сотиб оламиз, Тил ва адабиёти институтига ишга келинг, 2 минг АҚШ долларлик ойлик маош ва текин турар жой қилиб берамиз», деб таклиф қилдик. У иш таклифимизни қабул қилмади. Ҳозир гонорар тўлаш бўйича маслаҳатлашиляпти», деди у.

Мавзуга оид