Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Навоий ва Наманган шаҳарларида етимхонада бола қолгани йўқ” — бош вазир ўринбосари
Оилавий болалар уйларининг кўпайиб бориши ортидан Ўзбекистоннинг иккита шаҳрида меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган етимлар қолмади, деб маълум қилди бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Сенат ялпи мажлисида.
“Республика миқёсида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини оила муҳитида тарбиялашга бериш кўрсаткичлари кўпаймоқда. Бу, албатта, жуда яхши жараён. Сўнгги икки ойда меҳрибонлик уйларини тарк этган 583 нафар боланинг қарийб 40 фоизи янги ташкил этилаётган оилавий болалар уйларига йўналтирилган. Масалан, Навоий ва Наманган шаҳарларида етимхонада бола қолгани йўқ. Бирорта бола қолмади. Бошқа ҳудудларда ҳам меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар сони кескин камаймоқда.
Лекин бизни бошқа бир масала ўйлантиряпти: Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилаларга бериш тартиби қандай бўлиши керак? Бу болаларни тарбияга олаётган ота-оналар қарамоғидаги шахсларнинг таълими, тарбияси, даволаниши ўз вақтида бўлиши учун кафолат бера оладими? Оилаларда вояга етаётган етим болалар меҳнат кўникмаларига эга бўлишадими, очиғи, буни аниқ билмаймиз. Болалар омбудсмани Алия Юнусова билан ҳам шу ҳақда маслаҳатлашдик.
Айни пайтда меҳрибонлик уйларида сақланаётган болаларни оилага тарбияга олиш эски тартиб асосида амалга оширилмоқда. Кундан кунга етим болалар тарбияланаётган оилавий уйлар кўпайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда уларнинг фаолиятини янгидан тартибга солишимиз керак. Оилада тарбияланаётган етим болаларни молиялаштириш қандай бўлади, бу оилага озиқ-овқат етказиб бериладими ёки ота-онага ушбу харажатлар учун компенсация сифатида пул бериладими, мана шу тартиб-қоидаларни ишлаб чиқишимиз керак”, – дея Беҳзод Мусаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, 2021 йилнинг августида Ўзбекистондаги турли муассасаларда 1990 нафар етим бола тарбияланаётган эди. Ҳозирга келиб республика бўйича 16 та меҳрибонлик уйларида 1119 нафар, 4 та болалар шаҳарчасида 101 нафар, 3 та “SOS” болалар маҳалласида 205 нафар, жами 1425 нафар бола тарбияланмоқда.
Беҳзод Мусаевга кўра, августдан буён меҳрибонлик уйларини тарк этган 583 нафар боланинг 88 нафари асраб олинган, 223 нафари оилавий болалар уйларига тарбияга берилган, қолганлари эса олий таълим муассасасига ўқишга кирган.
Эслатиб ўтамиз, “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида янги тизим яратилган, хусусан, етимларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) оладиган оилаларни рағбатлантириш йўлга қўйилган.
Kun.uz'да аввалроқ Андижон шаҳрида яшовчи Умаровлар оиласи “Болалар шаҳарча”сидан 7 нафар тарбияланувчини фарзандликка олгани, Фарғона туманидаги Валиевлар хонадони 6 нафар етим болани қарамоғига олгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга оид
13:21 / 28.05.2025
Ёзги оромгоҳлар учун йўлланмани онлайн олиш имкони яратилди
11:00 / 12.12.2024
“Одамлар тўртбурчак, думалоқ ва меҳрибон” – дунёни бошқача “кўрадиган” болалар
16:28 / 23.09.2024
Беҳзод Мусаев янги лавозимга ўтказилди
16:19 / 23.09.2024