Ўзбекистон | 12:56 / 20.10.2021
4736
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 266 та каптарни ноқонуний овлаган шахсга суд 106 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосини берди

Фото: ekologuz

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида 266 та каптарни ноқонуний овлаган шахсга суд ҳукми ўқилган. Унинг ов қуроли мусодара қилиниб, 106 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бу ҳақда экология муаммоларини ёритиб келадиган ekologuz канали хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Жарқўрғон туманида яшовчи А.Э. овчилик гувоҳномаси ва ов қуроли билан 10 тагача каптар овлашга рухсатномаси бўлатуриб 266 та каптарни ноқонуний овлаган. Ушбу ҳолат Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси назорат инспекцияси ва Жарқўрғон туман инспекцияси инспекторлари томонидан ўтказилган тезкор рейд тадбирларида аниқланган.

Қайд этилишича, аниқланган ҳолат юзасидан Жарқўрғон туман суди қарори билан фуқаро A.Э.га 106 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Унга тегишли бўлган овчилик гувоҳномаси олиб қўйилиб, ов қуроли давлат фойдасига мусодара қилинган.

Шунингдек, 266 та каптарни ўлдириб, ҳайвонот дунёсига етказган зарари учун 32 миллион 585 минг сўм Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фойдасига ундириш белгиланган.

Мавзуга оид