Андижонлик физика ўқитувчиси ҳамёнбоп печка ихтиро қилди
Андижон шаҳрида яшовчи Қобилжон Мусаев пропан газ баллони билан ишловчи, уйни иситишга мўлжалланган маиший печ ихтиро қилди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўзи яратган печ ҳам иқтисодий жиҳатдан самарали, ҳам хавфсиз экани ҳақида сўзлаб берди.
Куз-қиш мавсуми келиши билан аҳолида уйни иситиш ташвиши пайдо бўлади. Бунда хонадон эгалари турли ускуналар ва печкалардан фойдаланишади.
Қиш давомида ҳунармандлар томонидан тайёрланган тунука ва чўян печкалар, электр қуввати билан ишлайдиган ускуналар, чет элда ишлаб чиқарилган, замонавий, нархи нисбатан қиммат иситиш воситалари роса харидоргир бўлади.
Биз Андижон шаҳрида яшовчи Қобилжон Мусаевнинг хонадонида бўлиб, унинг янги ишланмаси – кам энергия сарфлаб, катта иссиқлик чиқарадиган печка билан танишдик.
Ихтирочи Андижон давлат университети физика факультетини битирган. Ёшлигидан техникага меҳр қўйиб, турли ихтиролар қилишга қизиқади. Бутун дунёда олиб борилаётган физика соҳадаги янгиликларни кузатиб боради. Ҳозирда 36-ДИМИда физика фанидан дарс бериб келмоқда.
“Қиш келиши билан уй иситишда муаммолар пайдо бўлади. Одамлар одатда табиий газ билан, электр энергияси воситасида иситишга ҳаракат қилади. Лекин ҳаммамизга маълум, электр энергияси ўчиб қолиши мумкин; қолаверса, қишда тизимларга катта юкланиш тушиши туфайли токнинг ишчи кучланиши пасайиб кетиши бор. Ундан ташқари, электр таннархи қиммат. Табиий газ эса муаммо.
Аҳолимиз кўмир, ўтин каби одатий ёқилғилар билан уй иситишга ҳаракат қилади. Кўмирдан фойдаланиш анча ноқулай ва хавфли: ундан ис гази чиқиши мумкин, фойдаланишда ҳам бирмунча оворагарчиликлар керак. Унинг устига, яхши сифатли кўмир анча қиммат туради.
Шу туфайли биз ўйлаб-ўйлаб, сиқилган, суюлтирилган, пропан газга мослашишга қарор қилдик. Такомиллаштирилган қурилмамизни беш йилдан бери ишлаб чиқиб, биринчи прототипини, яъни моделини йиғишга эришдик”, – дейди Қобилжон Мусаев.
Қаҳрамонимизнинг айтишича, беш йил олдин бозорда сотилаётган, чет элда ясалган намуналарни ўрганиб чиқиб, ўзи мустақил янги печка ясашга ҳаракат қилган. Биринчи намуна лойиҳасини синовдан ўтказган, аммо лойиҳада кўпгина камчиликлар чиққан.
“Биринчи намунамиз нисбатан жуда оддий эди. Ишчи қисми йўқ. Шунчаки ёқилғи ҳаво аралашмаси бир томондан кириб ёнишига асосланган эди. Биз бу моделдан воз кечдик. Дастлабки намунамиздаги камчиликларни ўйлаб бартараф қилиш мақсадида мавжуд илмий адабиётлардан фойдаланиб, иккинчи моделни йиғдик. Унда биринчи моделда бор камчиликлар, ундаги нуқсонлар анча бартараф қилинди.
Лекин бу модел ҳам кўнгилдагидек чиқмагани учун яна такомиллаштиришда давом этдик. Энди биз бозорларда сотилаётган Эрон ва бошқа чет давлатларда ишлаб чиқилган нархи қиммат печкалар ва иситиш воситаларининг таҳлили натижасида дастлабки лойиҳаларимизни бирлаштириб, иккинчи қурилмани ясадик. Бу қурилмамизнинг иш принципи иссиқ ҳавони ушлаб қолишга асосланган эди.
Лекин бизда мазкур моделни ишлаб чиқариш учун керакли материаллар бўлмагани учун бу моделдан ҳам воз кечишга тўғри келди. Чунки унинг корпуси бутунлай қизир эди. Бунинг учун эса бизга иссиқлик ва юқори температурага чидамли пўлат навлари керак бўлди. Функционал вазифалари ҳам анча чекланган. Ўзбекистон шароитида уйни иситиш билан бирга қўшимча функциялари бўлса аҳолига янада қўл келади. Мисол учун, сув ва овқат иситиш. Бу иситиш воситасида бунақа функциялар кўзда тутилмаганди. Фақат уйни чиройли қилиб иситишга мўлжалланганди холос”, – дейди ихтирочи ўз ишланмалари билан таништиришда давом этиб.
У дастлабки намуналардаги камчиликларни, одамларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олган ҳолда охирги якуний намунасини тайёрлаган.
Қобилжон ўз лойиҳасига қуйидагича изоҳ берди: “Мазкур ихтиро оммавий сотиш учун ишлаб чиқарилган товар эмас. Айни босқичда моделимизни тарқатиш, сотиш учун муайян текширувлар ўтиши, рухсатнома, патент олиш керак. Шунинг учун бу ҳали оммавий ишлаб чиқариладиган товар эмас. Ҳозирча у – фақат фойдали модель ва ихтиро”.
Унинг тушунтиришича, янги моделда ёниш жараёни ва иссиқлик узатиш жараёни такомиллаштирилиб, катта фойдали иш коэффициентига эришишга муваффақ бўлинган. Қурилманинг энергия сарфи соатига 200 граммни ташкил этар экан.
“Бу моделимиз бозордаги мавжуд ўзига ўхшаш турдаги иситиш воситалари ичида энг тежамкор ва энг ҳамёнбоп ҳисобланади. Таннарх жиҳатдан ҳам, функционал вазифалари жиҳатдан ҳам шу хулосага келиш мумкин. Қурилма нафақат уй иситишга, балки сув ва овқат иситишга ҳам хизмат қилади.
Ундан ташқари, бошқа қурилмаларга қараганда анча хавфсиз. У ўз-ўзидан ўчиб қолмайди. Кўмир-ўтин ёқиладиган печкалардан фарқи – хавфсизлиги ва ис гази ҳосил бўлмаслигида. Энг асосийси, қариялар ва аёлларга фойдаланиш учун қулай қилиб ишлаганмиз. Очишнинг, ичини тозалашнинг кераги йўқ. Газ ўзи-ўзидан баландлаб кетмайди. Қурилмамизнинг асосий қисми бўлган горелкани ўзимиз ихтиро қилганмиз.
Қурилманинг асосий ишчи қисми фойдаланишга қулай бўлиб корпус, радиатордан иборат. Тизимимизда ёниш маҳсулотлари мўри орқали чиқарилиб юборилади.
Аҳоли иссиқликдан максимал фойдаланиш учун мўриларни узун қўйишга ҳаракат қилади. Бу аслида хавфсизлик техникасига зид. Мўри қанча узун бўлгани сари у ердаги иссиқ ҳаво совиш эҳтимоли юзага келади. Иссиқ ҳаво совиганидан кейин уни итариб чиқариб юбориш қийин бўлади. Шунинг ҳисобига мўри калтароқ бўлса, ёниш муаммосиз бўлади. Бу нафақат бизнинг печкамизга, қолган барча турдаги печкаларга тегишли.
Печкамизни лойиҳалаштиришда маҳаллий хомашёлардан фойдаландик. Унинг барча қисмлари ўзимизда ишлаб чиқарилади”, – дейди ихтирочи.
Қобилжон бизга ўз ихтиросининг қандай ишлашини намойиш қилиб берди. Ускунага оддий газ баллонини улаш осон. Печкадан етарлича иссиқлик ажраляпти.
Ихтирочига: “Аҳоли сизнинг ихтиронгиз орқали оддий 55 литр сиғимга эга суюлтирилган газ баллонидан фойдаланиб уй иситганида ёки кўмир, электрдан фойдаланиб уйини иситганда қай даражада фойда қилади? Умуман сизнинг лойиҳангиз самарадорлиги қандай?” деган саволни бердик. Унинг жавоби қуйидагича бўлди.
“Аҳоли оммавий фойдаланадиган 55 литрлик суюлтирилган газ баллонларини “Ҳудудгазтаъминот” томонидан алмаштириб бериш нархи 25 400 сўм. Ускунамизда, битта баллон узлуксиз ишлатилса, 4 суткага бемалол етади. Демак, истеъмол суткасига 6,5 минг сўмдан тўғри келади.
Агар печкамиздан фақат кечки пайт, куннинг ярмида фойдалансак ишлаш муддати икки баробар узаяди. Газ баллон тахминан 14–15 кунга етади. Бунда харажат янада арзон бўлади.
Электр энергияси нархи 295 сўм. Икки киловаттлик иситиш қурилмаси 12 соат ишласа, 7 минг сўмдан ошиқроқ сумма ишлатамиз. Агар кўмирнинг ўртача баҳоси минг сўмдан деб ҳисобласак, битта уйга бир кунда 15–20 кг кўмир сарфланади. Харажат ҳам 15–20 минг сўмга тўғри келади. Бундан кўриниб турибдики, қурилмамизнинг иқтисодий самарадорлиги электр энергиясидан ҳам, кўмирдан ҳам анча юқори”.
Қобилжон қурилмани ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш учун у бир қатор синовлардан ўтиши ва маълум ҳужжатлар йиғиндиси расмийлаштирилиши, тегишли жойлардан рухсатномалар олиниши кераклигини айтди. Бундан ташқари, ўзига яраша харажатлар ҳам кетади.
“Бугунги кунда халқимиз чет элдан олиб келинаётган, нархи қиммат ҳар хил қурилмалардан ва бошқа қўлбола мосламалардан фойдаланмоқда. Ҳар йили қиш ойларида кўплаб бахтсиз ҳодисалар рўй бераётгани эса факт. Хавфсиз ва тежамкор қурилмамиз халқимизга етиб борса, уларнинг оғирини енгил қилса, хурсанд бўлардим.
Айни пайтда “Ҳудудгазтаъминот” корхоналари суюлтирилган газ етказиб беришга катта эътибор қаратмоқда. Ускунамизга рухсатнома олиш, керакли идоралардан хавфсизлиги тўғрисида, техник хусусиятлари тўғрисида маълумотларни олиш, лабораторияда текшириш, сифат назоратидан ўтказиш анча маблағ талаб қилади. Шунинг учун буни биз оммавий ишлаб чиқаришга татбиқ қилишда шошилмаяпмиз.
Печкамизнинг тайёр бўлишига 350–400 минг сўмлик хомашё кетади. Сотувга тахминан 550 минг сўмга чиқариш мумкин”, – дейди Қобилжон Мусаев.
Ихтирочи айтганидек, бозорларимиз чет элда ишлаб чиқарилган, қиммат ва хавфсизлиги тўла кафолатланмаган қўлбола ускуналар билан тўлган. Қобилжон сингари соҳада янгилик яратишга уринаётган олимларга, агар уларнинг техник ишланмалари асосли бўлса, тегишли мутасаддилар томонидан эътибор қаратилса ва кўмак берилса, халқимиз учун фойдадан холи бўлмас эди.
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
11:52 / 02.11.2024