Ўзбекистон | 11:53 / 21.10.2021
3224
2 дақиқада ўқилади

Жиззах давлат педагогика институтига университет мақоми берилади 

Жиззах давлат педагогика институтига университет мақоми берилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувда айтиб ўтди.

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон халқ ҳофизи, атоқли бастакор Орифхон Ҳотамовнинг маданиятимиз ривожига қўшган улкан ҳиссасини эътиборга олиб, Жиззах шаҳрида Орифхон Ҳотамов номидаги мақом санъати ва мумтоз қўшиқчилик бўйича республика танловини ўтказсак, ўйлайманки, ҳар томонлама ўринли бўлади.

Хабарингиз бор, 2017 йили вилоят мусиқали драма театри бутунлай қайтадан бунёд этилди. Фарзандларимиз учун муҳташам қўғирчоқ театри барпо этдик. Биз албатта бундай маънавият масканларини ҳали кўплаб бунёд этамиз. 

Маълумки, яқин вақтгача вилоятда бор-йўғи 2 та олий ўқув юрти мавжуд эди. Кейинги йилларда бу ерда яна 3 та олийгоҳни ташкил қилдик. Бугунги шиддатли тараққиёт даври олдимизга қўяётган талаблар ҳамда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, Жиззах давлат педагогика институтига университет мақомини берсак, бу таклифга нима дейсизлар? 

Бугун Жиззах шаҳридаги олийгоҳларда 31 мингдан зиёд талаба таълим олмоқда. Аҳоли ва талаба ёшларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, шаҳардаги Форум мажмуаси ҳудудида замонавий кутубхона барпо этишни таклиф қиламан.

Шу ўринда, Жиззах вилояти – моҳир чавандозлар юрти десам, муболаға бўлмайди. Хусусан, Ғаллаорол, Бахмал, Зомин, Фориш, Шароф Рашидов туманларида чавандозлик, кўпкари каби миллий спорт ўйинлари бўйича ўзига хос анъана ва қадриятлар шаклланган. Ана шуларни инобатга олиб, Жиззахда Йилқичилик ва от спортини ривожлантириш марказини ташкил этсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид