Жаҳон | 08:10 / 21.10.2021
5258
2 дақиқада ўқилади

Сайёҳлар Мисрда янги купюралар муомалага киритилишидан огоҳлантирилди

Мисрда ноябрдан маҳаллий валюта – Миср фунтининг янги купюралари муомалага киритилади. Бу ҳақда Россия туроператорлар ассоциацияси хабарномасида маълум қилинган.

Фото: egypttoday

Миср марказий банки ноябр бошида мамлакатда 10 ва 20 Миср фунтининг янгиланган банкноталари қўллана бошланишини маълум қилган.

Таъкидланишича, банкноталарнинг дизайни аввалгидек қолади, бироқ уларда ҳақиқийлигини тасдиқловчи голографик белги пайдо бўлади.

Банкноталар полимер материаллардан тайёрланган бўлиб, бунинг эвазига уларнинг хизмат муддати 3 карра ошади.

Бундан ташқари, янги купюралар қалбакилаштирилишдан ва сиртига турли ёзувлар қолдирилишидан яхшироқ ҳимояланади. Таъкидланишича, ҳозирда муомалада бўлган купюралар сиртида ёзув қолдириш мумкин бўлса, янгиларида бунинг иложи бўлмайди.

Маълумотларга кўра, эски купюраларнинг янгилари билан алмаштирилиши секин-аста амалга оширилади. Шу сабабли сайёҳларнинг хавотирланишига ўрин йўқлиги айтилган. Янги банкноталарнинг биринчи партияси оз миқдорда чиқарилади.

Туроператорларнинг эслатиб ўтишича, Мисрда дўконлар, ресторан, кафе ва бошқа жойларда нафақат Миср фунтларида, балки доллар ва еврода ҳам тўловни амалга ошириш имкони бор. Шунингдек, деярли барча жойда банк пластик карталари қабул қилинади. Агар сайёҳларга нақд маҳаллий валюта керак бўлса, улар пластик карталаридаги маблағларни меҳмонхоналарда жойлашган банкноматлар орқали ечиб олишлари мумкин бўлади.

Мавзуга оид