Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида режалаштирилган лойиҳаларни маълум қилди
Бугунги кунга қадар Жиззах вилоятида бирорта ҳам электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари бўлмаган. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.
“Бу соҳада 1 миллиард долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилиб, қуввати 1 минг 200 мегаватт бўлган электр станциялари барпо этилади. Мисол учун, Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирлигининг “Масдар” компанияси томонидан 150 миллион доллар сармоя ҳисобига қуввати 220 мегаватт бўлган қуёш электр станцияси иш бошлайди.
Тўқимачилик саноатига ихтисослашган Пахтакор, Арнасой, Зарбдор, Шароф Рашидов туманлари ва Жиззах шаҳрида 550 миллион долларлик 67 та янги корхона фаолияти йўлга қўйилади. Мисол учун, Арнасойда 25 миллион долларлик мато бўяш ва унга гул босиш лойиҳаси доирасида 1 мингта доимий иш ўрни яратилади.
Шунингдек, вилоятда йилига 50 минг тонна сунъий тола ишлаб чиқариш қувватлари босқичма-босқич ишга туширилади. Натижада, ип-калава ишлаб чиқариш 1,7 баробар, газлама мато 5 баробар, трикотаж мато 1,5 баробар ва тайёр маҳсулот 3 баробарга оширилади.
Озиқ-овқат саноатида 720 миллион доллар бўлган 250 та лойиҳа доирасида 10 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади. Бунда, юқори салоҳиятга эга ҳисобланган мева-сабзавот, гўшт ва сутни чуқур қайта ишлашни ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Жумладан, Шароф Рашидов туманида тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига 270 минг тонна маҳсулотларни қайта ишлаш, 30 минг тонна сақлаш қувватларига эга “Мега-агрологистика комплекси” ишга туширилади.
Чарм-пойабзал саноатида Дўстлик, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманлари ҳамда Жиззах шаҳрида 128 миллион долларлик 30 та лойиҳа амалга оширилади ва 11 минг иш ўрни яратилади. Мисол учун, Шароф Рашидов туманида чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонаси ташкил этилади ва 16 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада, экспорт ҳажми 5 баробарга ошиб, 100 миллион долларга етказилади.
Фармацевтика саноатида имконият катта бўлган Бахмал, Зомин, Фориш, Ғаллаорол туманларида қиймати 350 миллион долларлик 42 та инвестиция лойиҳа амалга оширилиб, 15 мингта янги иш ўринлари яратилади. Бунинг учун ҳар бир туманда минг гектардан плантациялар ташкил этилиб, доривор ўсимликлар етиштириш ва чуқур қайта ишлаш бўйича 4 та кластер барпо этилади.
Энг муҳими, саноати паст бўлган Янгиобод, Зафаробод, Мирзачўл, Дўстлик ва Бахмал туманлари учун, янги корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида, киритилган инвестициялар ҳажмига қараб, янги лойиҳаларга уч йил давомида солиқ ва божхона имтиёзлари берилади, “бир дарча” тамойили асосида оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнес учун, минитехнологияларни етказиб бериш, уларни 100 минг долларгача молиялаштириш ва ўқитиш хизматлари йўлга қўйилади. Бунга 100 миллион доллар имтиёзли ресурслар ажратилади.
Шу билан бирга, Ислом тараққиёт банки ва Саудия Арабистони ҳукумати билан ҳамкорликда ташкил этилган “Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси”дан вилоятдаги кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун яна 100 миллион доллар йўналтирилади. Бу орқали 25 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Умуман, вилоятда кичик саноат зоналари сони 23 тадан 40 тага етказилади, ҳамда уларда 201 миллион долларлик 375 та катта-кичик лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади. Вилоятдаги иқтисодий зоналарни инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан 320 миллиард сўм йўналтирилади”, деди президентликка номзод.
Мавзуга оид
09:00 / 13.11.2024
1,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди
09:25 / 06.11.2024
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
08:30 / 28.10.2024
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашди
22:09 / 14.10.2024