Ўзбекистон | 17:06 / 22.10.2021
6434
4 дақиқада ўқилади

Икки йилда эскирган қонун. “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун янгиланаётганига изоҳ берилди

Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев Kun.uz'га берган интервьюсида 2019 йилнинг 8 январида кучга кирган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири нима учун ишлаб чиқилгани, қабул қилинганига кўп вақт бўлмаган ҳужжат қайси омилларга кўра янгиланаётганига тўхталиб ўтди.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 10 йил давомида муҳокама қилинган, бир неча бор қайта ишланган, экспертлар кўригидан ўтган эди. Лекин очиғи, 2019 йили кучга кирган бўлса, ўша йилнинг сўнгида қонуннинг жойлардаги ижросини ўргана бошладик. У пайтда ҳали Адлия вазирлигида Маъмурий тартиб-таомиллар бошқармаси йўқ эди, лекин вазирлик ўзи бу қонуннинг ишлаш даражасини ўрганганда амалиёт билан боғлиқ жуда кўп саволлар чиқди.

Ҳозир бу қонун ишлаяпти, аммо амалдаги қонуннинг битта камчилиги – муайян бир тартиб-таомил бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган тақдирдагина “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунда белгиланган нормалар қўлланади. Янгиланаётган қонунда ушбу тамойил бутунлай ўзгармоқда. Яъни ушбу қонун айни йўналишда устувор ҳужжатга айланади ва бошқа қонун ҳужжатлари “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунга мос бўлиши керак. Шундагина у ишлайди.

Фото: Kun.uz

Амалиётни ўрганганимизда бошқа масалалар ҳам чиқди. Сенат билан бирга ушбу йўналишдаги вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганганимизда ҳам очиқ қолган қатор саволлар чиқди. Очиғи, ҳали жойларда бу қонунни қўллашга ваколатли соҳа вакиллари етишмайди. Бундан ташқари, айримлар қонуннинг тили оғир деб айтишади. Қонуннинг янги таҳририда мана шу камчиликлар ҳам инобатга олинган”, – деди Худоёр Мелиев.

Адлия вазири ўринбосари қонуннинг янги таҳрири хорижлик экспертлар билан биргаликда ишлаб чиқилгани, қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилганини маълум қилди.

“Бу янги қабул қилинган, шу сабабли уни қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш нотўғри бўлади деган тушунчадан йироқмиз. Сабаби ислоҳотлар жадал кетяпти, ҳуқуқий муносабатлар ўзгармоқда. Парламентимиз вакиллари билан биргаликда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг янги лойиҳаси устида ишладик. Ушбу ишлар охирига етди ва қонун лойиҳаси ҳукуматимиз томонидан парламент қуйи палатасига киритилди.

Фото: Kun.uz

Янгиланаётган қонун нафақат ҳажм жиҳатдан, балки мазмун жиҳатдан ҳам бойиди. Айрим принципларни қўллаш бўйича саволлар бор эди, бу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Масалан, ишончни ҳимоя қилиш принципи. Хорижлик экспертлар, хусусан, немис қонуншунослари билан бирга ишладик. Хорижий мамлакатларда маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида уч йил давомида кузатилган тенденциялар, ижобий ўзгаришлардан фойдаланган ҳолда бу қонунни бойитишга ҳаракат қилдик. Мақсадимиз – бу қонунда белгиланган принципларни ишлайдиган даражага етказиш”, – дея тушунтиради Худоёр Мелиев.

Эслатиб ўтамиз, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 8 январь куни имзоланган эди. Расмий эълон қилинган кундан эътиборан 12 ой ўтиб, яъни 2019 йилнинг 8 январидан кучга кирган қонуннинг мақсади – маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат.

Мавзуга оид