«Бош ҳакам «Андижон» ғалаба қозониши учун кўп ҳаракат қилишини олдиндан сезиб тургандим». Рўзиқул Бердиев ҳам ҳакамликни очиқча танқид қилди
Суперлига 23-тури доирасидаги «Андижон» - «Насаф» (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев учрашув бош ҳаками Азиз Асимов очиқча мезбонларга ён босгани, ўйинни тўхтатиб унга нима дегани ва майдоннинг ёмон ҳолати ҳақида гапирди.
«Бугун рақиб билан ҳам, майдон билан ҳам анча курашдик. Рақиб жамоа кўпроқ стандарт вазиятларга эътибор беришини билардик. Афсуски, биринчи голни стандарт вазиятдан ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда гол уриб, ўйинга қайтдик.
Иккинчи голни киритганимиздан кейин бош ҳакам нега голимизни бекор қилиб, ғалабадан маҳрум қилганини билмайман. Бош ҳакам «Андижон» ғалаба қозониши учун кўп ҳаракат қилишини олдиндан сезиб тургандим. Буни амалда ўзларинг ҳам кўрдинглар. Тоза голимизни ҳисобга олмади. Ўйин охирида эса пенальти белгилаган вазиятда ҳам менимча, пенальти йўқ эди. Пенальтидан зарба йўллангач ҳам рақиб футболчиси ўша вазиятда офсайд ҳолатида эди, ҳакам эса негадир пенальтини қайтадан тептирди. Ҳаммаси ҳакамларнинг виждонига ҳавола.
Ўйинни тўхтатиб, ҳакамни ўз олдимга чақирганимда ҳам унга фақат битта гапни айтдим. Бор нарсани бер, тўғри ҳакамлик қил, дедим. Уни сўкканим йўқ, ҳақорат қилганим йўқ. Гол бўлса ҳисобла, пенальти бўлса бер, деб голимизни бекор қилгани бўйича эътирозимни билдирдим. Биз ёрдам сўрамаяпмиз, рақиб голини ҳисобга олмагин, пенальти қўймаган демаяпмиз, борича ҳакамлик қил деяпмиз. Ўзларинг айтинглар, голимизни бекор қилиш учун у қаерда ўйин қоидаси бузилганини кўрди? Ўйин охирида эса пенальти белгилаганидан кейин қандай эътироз билдирмаслигим керак?
Ўйин охиригача нимадир бўлишини сезган эдим. Йигитларим ҳам ёнимга келиб, бугун барибир юта олмаймиз, деб айтишди. Ўша учун ҳам бугун ўйинни тўхтатишга мажбур бўлдим. Балки шу нарса керакдир», - дея Рўзиқул Бердиев cўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.
Мавзуга оид
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024