Илк марта белбоғли кураш бўйича Европа чемпионати ўтказилди
Украинанинг Львов шаҳрида 7-10 октябр кунлари илк марта ўзбек миллий спорти бўлган белбоғли кураш бўйича Европа чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада 100 нафарга яқин полвонлар 4 та вазн тоифасида (65кг, + 65, 90, +90 кг.) беллашди. Мусобақада ўзбекистонлик Н.Тўйчиев бош ҳакамлик қилди.
Европа чемпионатининг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида полшалик спортчилар биринчи, мезбон – украиналиклар иккинчи ва литвалик полвонлар учинчи ўринларни банд этишди. Ҳар бир вазн тоифасида кучли учликдан жой олган полвонлар Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан мукофотланди.
Шунингдек, Львов шаҳрида Украина белбоғли кураши бўйича ҳам жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу чемпионатда 16 та давлатдан 200 нафарга яқин полвонлар, жумладан 4 нафар ўзбекистонлик полвон ҳам иштирок этди. +90 кг вазнда Р.Умаров олтин, 90 кг. вазнда М.Соиббоев, +90 кг вазнда Л.Бадалов ҳамда +65 кг вазнда С.Шералиевалар бронза медалларига сазовор бўлди.
Европа чемпионати ва украинча белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев кўмаги остида ўтказилди.
Маълумот учун, мазкур ассоциация жорий йил 27 сентябрда Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида расман Европа Иттифоқидан рўйхатдан ўтказилган. Бундан ташқари, Европа чемпионати доирасида жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг конгресси ҳам бўлиб ўтди. Унда жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси томонидан амалга оширилаётган ишларга оид ахборотлар тингланиб, ташкилий масалалар ҳамда ижроқўм сафини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Осиё ва Пан-Америка белбоғли кураш федерацияларини очиш хусусида келишувларга эришилди. Бу жараён Ўзбекистоннинг миллий спорти ҳамда қадрияти бўлган белбоғли курашнинг дунё бўйлаб янада кенг оммалашишига замин бўлади.
Тадбирда ассоциация раҳбарларидан яна бири бўлган Мўмин Муратов ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастировлар иштирок этди.