Таиланддан АҚШга ўн миллионлаб ишлатилган тиббий қўлқоплар экспорт қилингани аниқланди
Таиланддан АҚШга ўн миллионлаб ишлатилган нитрил қўлқоплар экспорт қилинган. Бу ҳақда CNN телеканали журналистлари олиб борган суриштирувдан маълум бўлди.
Пандемия вақтида ҳимоя воситаларига талаб кескин ошгани ортида нопок тадбиркорлар ишлатилган бир марталик қўлқопларни сотиб фойда олишга қарор қилган. Таъкидланишича, Таиландда ишлатилган қўлқопларни қўл тегизилмаган дастлабки кўринишига келтирувчи бир нечта яширин корхона ишлайди. Бундай қўлқоплар сақланган омборлардан бири Бангкок чеккасида аниқланган. У ерда ишлатилган тиббий қўлқоплар билан лиқ тўла чиқинди қоплари сақланган. Қўлқоплардан аксарияти ифлос кўринишда, баъзиларида эса ҳаттоки қон излари бўлган.
Журналистлар бир неча ой давом этган суриштирув давомида ўн миллионлаб сифатсиз ва ифлос қўлқоплар АҚШга экспорт қилинганини аниқлашган. СNN маълумотларига кўра, бу “айсбергнинг бир учигина” ҳисобланади.
АҚШ компанияларидан бири феврал ойидаёқ АҚШнинг божхона-чегара хизмати ва санитар идораларига Таиланддан шундай қўлқоплар партиясини олганини маълум қилган. Бироқ шунга қарамай Таиланддаги компания АҚШга кейинги ойлар давомида яна ўн миллионлаб қўлқопларни жўнатишга муваффақ бўлган.
Баъзи ҳолатларда ишлатилган қўлқоплар дастлаб совун билан ювилган, сўнгра бўяб, қуритилган.
Таиланднинг мутасадди идоралари ишлатилган қўлқопларни сотувчиларга қарши камида 10 та рейд ўтказилганини маълум қилган.
АҚШ ва Таиландда ушбу ҳодиса юзасидан тергов бошланган.
“АҚШга катта ҳажмда сифатсиз товарлар, ифлос, аввал ишлатилган ва сифатсиз қўлқоплар етказилади. Федерал ҳукумат, кўринишича, муаммонинг қанчалик катталигини эндигина англай бошламоқда”, деб айтган тиббиёт соҳасидаги эксперт Дуглас Штайн.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024