Ўзбекистон | 13:02 / 26.10.2021
29500
3 дақиқада ўқилади

Иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар бекор қилиниши мумкин

Молия вазирлиги томонидан 2022 йил бюджет параметрларини шакллантиришда автотранспорт воситаларини иккиламчи бозордан сотиб олганлик учун ундириладиган йиғимларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик паталаси депутати Дониёр Ғаниев иккиламчи бозордан автомобил харид қилинганда уни бошқа шахс номига олди-сотди шартномаси орқали нотариал расмийлаштириш ҳамда ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказишда тўланадиган давлат божи ва йиғимлар миқдори юқорилигини келтириб, ушбу давлат божи ва йиғимлар ставкаларини 2022 йил учун давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда қайта кўриб чиқишни сўраб, Молия вазирлигига депутатлик сўрови юборган.

«Бугун сўровимга Молия вазирлигидан жавоб олдим. Жавобда айтилишича, сўровда кўтарилган муаммоларни инобатга олган ҳолда, Молия вазирлиги томонидан 2022 йил бюджет параметрларини шакллантиришда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун ундириладиган йиғимларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда.

Бу эса сотиб олинган автотранспорт воситасини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқародан ундириладиган бир неча миллион сўмлик тўлов бекор бўлишини англатади», — деб ёзади депутат.

Бундан ташқари, депутатга жавоб хатида Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан автомобил олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун белгиланган давлат божи миқдорлари ҳам қайта кўриб чиқилгани ҳамда уларни пасайтириш юзасидан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинган.

«Умид қиламизки, ундириладиган бож ва йиғимларнинг камайиши ўз навбатида фуқароларимизга ўзлари харид қилган автомобилларини мулк ҳуқуқи ва фуқаролик муносабатларида салбий оқибатлар келтириб чиқарувчи ишончномалар орқали эмас, балки нотариал олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштиришга имконият яратади», — деб ёзади депутат Дониёр Ғаниев.

Аввалроқ Kun.uz сайтида одамларни кўпдан бери қийнаётган масала — эски автомашиналарни расмийлаштиришдаги божлар қайта кўриб чиқилиши лозимлиги, иккиламчи бозордаги автомобилни харидор номига расмийлаштириш ҳаддан зиёд қимматлиги, шунингдек, яширин харид сифатида нотариал тасдиқланадиган ва нисбатан арзонроқ бош ишончнома келтириб чиқараётган хатарлар ҳақида мақолалар эълон қилинган эди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид