Жаҳон | 14:35 / 26.10.2021
18402
6 дақиқада ўқилади

«Иш фалокатга қараб кетмоқда». БМТ қишда Афғонистонга оммавий очарчилик хавф солаётганидан огоҳлантирди

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури экспертларининг огоҳлантиришича, агар зудлик билан тегишли чоралар кўрилмаса, олдиндаги қишда миллионлаб афғонлар очликка маҳкум бўлиши мумкин. Ташкилот маълумотларига кўра, Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўп қисми - 22,8 миллионга яқин киши «фавқулодда» озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келган, беш ёшгача бўлган ёшдаги 3,2 миллион бола тўйиб овқатланмасликдан азоб чекади.

Фото: EPA

«Афғонистонда ҳозирда дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бири юзага келган, агар энг оғири бўлмаса. Иш фалокат сари кетмоқда», деган Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Дэвид Бизли.

«Толибон» ҳаракати август ойида хориж ҳарбийлари олиб чиқиб кетилиши ортидан Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганди.

Ҳокимият алмашуви шусиз ҳам заиф, бунгача четдан келадиган ёрдамларга қараб бўлиб келган Афғонистон иқтисодиётини янада кучсизлаштирди. Ғарбдаги державалар ёрдам кўрсатишни тўхтатишди, Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди молиялаштиришни вақтинча тўхтатди, мамлакатнинг тўққиз миллиард долларга яқин валюта захираси АҚШ марказий банки томонидан музлатиб қўйилган - толиблар эга чиқмаслиги учун. Ёрдам қачон тикланиши номаълум, чунки толибларнинг ҳукуматини дунёда деярли ҳеч бир  давлат тан олмаяпти.

Қайсидир давлат ЯИМнинг камида 10 фоизлик улушини ташқи ёрдам ташкил этса, бу давлат хориждан келувчи ёрдамга қарам ҳисобланади. Жаҳон банки маълумотига кўра, Афғонистон ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизга яқин қисмини халқаро ёрдамлар ташкил этган.

Ҳозирда кўплаб афғонлар овқат сотиб олиш учун ўз мулкларини сотишга мажбур бўлмоқда. Толиблар маъмурияти хориждаги активлардан фойдалана олмайди, бу шуни англатадики, давлат хизматчиларига маош тўлаш учун ҳам пул йўқ.

«Мен охирги бор беш ой муқаддам маош олгандим. Яшаш қийин. Мен уйимиздаги бор нарсани сотдим. Биз уй жониворларини сотдик, ўтин қилиш учун дарахтларимизни кесдик», дейди Ҳиротдаги ўқитувчилардан бири BBC билан суҳбатда.

Кобул аҳолисининг кўпчилик қисмини ташкил этувчи қашшоқлар учун асосий муаммо - очдан ўлмаслик учун ҳар куни бир неча юз афғоний топиш ҳисобланади.

Ҳар тонгда эркаклар кунлик иш излаб йўлга чиқишади, аммо топилган чақалар ҳеч нарсага етмайди

Эрта тонгда Кобулдаги бозорлардан бирининг олдида кунлик иш топиш учун бир неча юз қурувчи тўпланади.

Шаҳардаги катта қурилишлар тўхтаб қолган. Банклар ёпиқ. Хориждан молиялаштириш оқими ҳам ёпилган, бори ҳам денгиздан томчилар.

Бир неча қурувчини танлаб олиб кетишади, қолганлар норози бўлиб қолаверади. Шундайлардан бири Ҳаёт Хон сўнгги йигирма йил мобайнида коррупцияга ботган элита хориждан ажратилган пулларни ўзлаштириб келганини айтади.

«Бойлар камбағаллар ҳақида эмас, фақат ўзи ҳақида ўйлайди. Мен ҳатто нон сотиб ололмайман. Ишонинг, мен бир доллар ҳам тополмайман бойлар эса Ғарбдан келган ҳар бир долларни чўнтакка урган.

Ҳеч ким қашшоқларни ўйламайди. Бошқа мамлакатдан ёрдам келганида, ҳокимиятдагилар бу ёрдамларни шундай қилишадики, бундан камбағаллар эмас, фақат уларнинг қариндошлари баҳраманд бўлишади», дейди у.

Ҳаёт Хон унинг пулларини Афғонистондан қочиб кетган бойлар ўғирлаганини айтади

БМТ дастурига маблағ келмаяпти
«Одамлар бу ерда гадой. Кеча мен маҳаллий меҳмонхонадаги чиқинди идишларини титиб, овқат қолдиқларини йиғаётган аёлни учратдим. Мен ундан нега бундай қилаётганини сўрадим, у чақалоғи учун овқат топишга уринаётганини айтди», дейди Қандаҳорда яшовчилардан бири.

Жаҳон озиқ-овқат дастури яқинлашиб келаётган қиш омон қолиш учун халқаро ёрдамларга қарам бўлган афғонларга янада кўпроқ қийинчиликлар билан таҳдид солаётганидан огоҳлантирди. Бундан ташқари, ташкилотнинг хабар беришича, Афғонистонда шаҳар аҳолиси илк марта худди қишлоқдагилар каби озиқ-овқат йўқлигидан азият чекмоқда.

EPA

Сентябрда Жаҳон озиқ-овқат дастури афғон оилаларининг атиги 5 фоизи ҳар куни етарлича озиқ-овқат билан таъминлангани ҳақида огоҳлантирганди. Ўсимлик мойи ва буғдой каби асосий ингредиентлар нархи кескин кўтарилиб кетган. Октябрь ойида ташкилот вақтида даволаш чоралари кўрилмаса миллиондан ошиқ бола тўйиб овқатланмаслик оқибатларидан ҳалок бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Сентябрь ойида Женевада ўтказилган конференцияда халқаро ҳамжамият афғонларни қўллаб-қувватлаш учун 1 млрд доллар миқдорида ёрдам ажратишга келишиб олганди, шу билан бирга, бу маблағларнинг учдан бир қисмини Жаҳон озиқ-овқат дастури фаолияти учун йўналтириш ваъда қилинганди.

Жаҳон озиқ-овқат дастури душанба куни берган маълумотларга кўра, БМТнинг инсонпарварлик ёрдами дастури ҳозирча ажратилган маблағнинг учдан бир қисминигина олган. Ташкилотнинг маълум қилишича, Афғонистонга озиқ-овқат билан ёрдам кўрсатиш учун ҳар ойда 220 млн доллар талаб этилиши мумкин ва ҳозирги молиявий ёрдам «денгиздан томчи» бўлиб қолади.

Афғонистондаги озиқ-овқат инқирози сувсизлик ва кучли қурғоқчилик сабаб янада чуқурлашган - сўнгги тўрт йилда иккинчи мавсум деҳқонлар ҳосил ололмади.

Ҳозирда, иқтисодий коллапс фонида афғонларнинг аксари болаларини қандай овқатлантириш ҳақида ўйламоқда

Газета: Кобулда саккиз нафар етим бола очликдан ҳалок бўлди
Афғонистондаги «Ҳашт-е-Собҳ» газетасининг ёзишича, Кобулдаги туманлардан бирида 3 ёшдан 11 ёшгача бўлган саккиз нафар етим бола очликдан жон берган. Нашр маълумотларига кўра, улар яқинда ота-онасидан айрилган ва ҳеч қандай ҳомийсиз қолганди.

Уларни дафн этган маҳаллий имомлардан бири журналистларга айтишича, пойтахтдагилар уларга вақти-вақти билан емак бериб туришган, аммо уларнинг барчаси тўйиб овқатланмаслик оқибатида ҳалок бўлган.

Шиа-ҳазорийлар вакили бўлган сиёсатчи Муҳаммад Муҳақиқнинг айтишича, вафот этган болалар айнан шу жамоатга мансуб бўлган, шу туфайли толиблар етакчилари уларнинг аҳволи билан қизиқмаган. Унинг қайд этишича, болаларнинг барчаси Кобулдаги шиалар маҳалласида яшаган.

«Ариана» телеканали хабар беришича, толиблар болалар очликдан вафот этгани ҳақидаги маълумотни ўрганишга киришган.

Мавзуга оид