Жаҳон | 23:19 / 26.10.2021
7901
3 дақиқада ўқилади

Лукашенкони шифохонада ҳимоя ниқобини тақишга мажбур қилишди (видео)

Фото: Пул Первого/Telegram

Беларусь президенти Александр Лукашенко Гродно областига ташрифи давомида коронавирусга чалинган беморлар даволанадиган шифохонада бўлди. Эътиборлиси, ҳимоя ниқобисиз бўлган Лукашенко унга ҳамроҳлик қилган амалдорлар қистовидан кейин уни тақишга ва қўлига антисептик билан ишлов беришга мажбур бўлди.

Ушбу ҳолат видеоси президент матбуот хизмати билан ҳамкорлик қилувчи “Пул Первого” Telegram-каналида жойлаштирилди.

Видеода Беларусь раҳбари бошдан оёқ ҳимоя воситаларида бўлган маҳаллий амалдорлар ва шифохона ходимлари қуршовида бир ўзи ниқобсиз турганини кўриш мумкин. Шунда унга ҳамроҳлик қилган амалдорлар, жумладан соғлиқни сақлаш вазири президентдан ҳимоя воситаларидан фойдаланишни, жумладан ҳимоя ниқобини тақишни илтимос қилишган.  

Лукашенко эса ниқоб унга халақит қилишини айтиб, уни истамайгина тақа бошлаган. Бунда атрофдаги одамлар унга ниқобни қандай тақиш, уни буринга қандай сиқиб қўйиш кераклигини ўргатиб туришган. Ходимлардан бири президентнинг қўлларига антисептик билан ишлов берганда, Лукашенко зарарсизлантирувчи воситани унинг қўлидан тортиб олиб, “Энди тинчланасанми?” дея ўзининг боши ва юзига сепган. 

Беларусь президенти жарроҳлик блокига кирганда ниқобни бурнидан пастга тушириб қўйган. Шунда Лукашенконинг ёнидаги одамлардан бири ундан қатъий оҳангда ниқобни кўтаришни талаб қилган.

Беларусь раҳбари амалдорлар билан суҳбатда хорижий вакциналардан бири билан эмлангани сабабли коронавирусдан даволанаётган одамлар ётган шифохоналарга қўрқмасдан бориши ҳақидаги гап-сўзларни инкор этган. Унинг айтишича, Беларусь мухолифати аҳолининг миясига мамлакатга хорижий вакциналарни олиб кириш зарурлиги ҳақидаги фикрни атайлаб сингдирмоқда.  

“Нима учун? Эмланиб, бу ҳақида паспорт олиб, “ўзларининг раҳнамолари” олдига “кўрсатмалар” олишга бориш учун. Ғарбга чиқиш учун, мана бу уларга нимага керак. Ўша ерга бориб, эмлана қолинг”, деб айтган Беларусь раҳбари.

Лукашенко, шунингдек, пандемия борасидаги ўз позициясига изоҳ берган. Унинг айтишича, “ҳамма бало мияда ва қўрққанга қўш кўринади”.

Аввалроқ Лукашенконинг матбуот котиби Наталья Эйсмонт президент коронавирусга чалинган беморлар ётган шифохоналарга ташрифи вақтида баъзида ниқоб тақмаслиги сабабини тушунтириб ўтган. Унинг айтишича, Беларусь раҳбари бу борада “ҳаммаси ихтиёрий равишда бўлиши керак” деган тамойилга амал қилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид