Жаҳон | 20:53 / 26.10.2021
14829
5 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар бирлиги, “рақамли фашизм”, турк сериаллари павильони — Туркий кенгашнинг илк медиа форуми қандай ўтди?

Туркияда 900 гектардан ортиқ майдонда киноплатформалар ташкил этилган. Шундан 150 гектарида сериаллар суратга олинади; бу ерда қасрлар, қишлоқлар ва кемаларни кўриш мумкин. Платформа суратлари ва Туркий кенгаш медиафоруми тафсилотлари – Kun.uz мухбирининг Истанбулдан тайёрлаган репортажида.

22-24 октябрь кунлари Истанбулда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг «Олис ўтмиш, кучли келажак» номли медиа форуми бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири форумдан репортаж тақдим этади.

Форумда Озарбойжон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Шимолий Кипр ва Венгриядан 500 га яқин ахборот соҳаси расмийлари, тилшунос олимлар, мутахассислар, дипломатик корпус вакиллари, журналистлар ва талабалар қатнашди.

Туркий кенгашнинг медиа соҳасига бағишлаб ўтказилаётган илк халқаро анжумани очилиш маросимида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған видео-конференц-алоқа билан қатнашчиларга ўз саломини йўллади.

Эрдўған, шунингдек, ахборот асридаги таҳдидлар ҳақида гапириб, ғарб ОАВ томонидан туркий давлатларга нисбатан икки хил стандартлар қўлланаётганини билдирди ва буни «рақамли фашизм» дея атади.

Шунингдек, тадбирда Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Багдат Амриев, Озарбойжон Республикаси президентининг маслаҳатчиси Ҳикмат Хожиев нутқ сўзлади.

Тадбир расмий меҳмонлари

Туркия президенти администрацияси Коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Фахриддин Алтун форумдан кутилаётган натижалар ҳақида фикр билдириб, ўзбек халқини давлат тили куни муносабати билан табриклади.

Форумда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган рақамли кўргазманинг рамзий очилиши ҳам бўлиб ўтди.

Форумнинг иккинчи иш куни давомида кенгашга аъзо мамлакатлар ОАВлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, дезинформация ва ёлғон ахборот тарқатилишига қарши кураш мавзуларида мулоқот сессиялари ташкил этилди.

Мутахассислар асосан Тоғли Қорабоғдаги 44 кунлик уруш кейси асосида дезинформация ва ёлғон ахборот тарқатилишини таҳлил қилиб берди.

Ўзбекистон вакили – Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи Аҳрор Саидов ҳам форумда ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналишлари, Ўзбекистоннинг Туркий кенгашдаги ўрни тўғрисида фикр билдирди.

Анжуманда фаол позицияси, мавзуга доир чуқур таҳлил ва таклифлар асосан туркиялик, озарбойжонлик ва венгриялик амалдорлар ва мутахассислар томонидан билдирилди. Қўшни Қозоғистон вакиллари ҳам бир қанча мавзуларда ишонч билан маъруза қилди. Лекин қолган давлатлар қатнашчилари умумий ва дипломатик маъруза билан чекланди.

Шунингдек, форумда мутахассислар иштирокида туркий дунёнинг Алишер Навоий, Улуғбек, Аҳмад Яссавий, Юнус Эмро каби тарихий шахслари номидаги хоналарда турли сессиялар ўтказилди.

Тадбирга ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси
Тадбирга ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси

Тадбир дастуридан қадимдан туркий халқларнинг жанг қуроли ҳисобланган камондан ўқ отиш машқлари ҳам жой олган. Ташкилотчилар қатнашувчиларнинг хавфсизлиги учун бу спорт тури бўйича мутахассисларни ҳам жалб қилгани эътирофга лойиқ.

Тадбирнинг сўнгги кунида меҳмонлар Туркиянинг «юмшоқ кучи» ҳисобланган тарихий ва замонавий сериаллар ҳамда фильмларни суратга олишга мўлжалланган павильонига ташриф буюрди.

Маълумотларга кўра, ТРТ (Турк радио-телевидениеси) халқаро кино платформалари учун Туркия ўрмон хўжалиги ерларидан 900 гектардан ортиқ ерлар ажратилган. Ушбу майдоннинг 150 гектарида сериаллар олинади.

Унинг 50 гектарга яқин қисмига тарихий сериаллар суратга олиш учун турли асрларга мослаб қасрлар, қишлоқлар, кемалар ва бошқа зарурий бинолар қурилган.

Суратга олиш павильонларида яратилаётган аксар фильмлар ҳали ниҳоясига етмагани, муаллифлик ҳуқуқлар ва тижорий мақсадларга эгалиги туфайли меҳмонлар томонидан барча қизиқ жойларни суратга олишга рухсат берилмади.

Тадбир режасига киритилган сўнгги ташриф жойлари Босфор бўғози ва Аё София масжиди бўйлаб саёҳат меҳмонларнинг қайтиш чипталари эртароқ муддатга олиб қўйилгани сабабли бекор қилинди.

Умуман олганда, халқаро анжуман тадбирлари деярли мукаммал ташкил қилинди. Медиа форум қатнашчилари ХХ асрдан бир-биридан сунъий узоқлаштирилган туркий халқларни яқинлаштириш борасида журналистиканинг ўрни муҳимлигини қайд этди.

Туркий кенгаш медиа форуми Истанбулга таклиф этилган юзлаб ОАВ вакиллари ва маҳаллий нашрлар томонидан кенг ёритиб борилди.

Маълумот учун, асосий мақсади – туркий давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўлган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) 2009 йил октябрь ойида ташкил этилган.

Туркий кенгашга Озарбойжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон аъзо. Мамлакатимиз бу тузилмага 2019 йилнинг кузида қўшилган эди.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид