«Заковат» бошловчиси лойиҳанинг туғилиши, муваффақияти ва оғир йиллари ҳамда илк билимдонлар уни нега тарк этгани ҳақида
«Заковат» интеллектуал ўйинлари бу йил ўзининг 21 мавсумини ўтказмоқда. Ўз вақтида лойиҳанинг жамоатчилик, билимга интилувчиларнинг катта қизиқишларига сабаб бўлган, шунингдек, йўқолиб кетиш даражасига келиб қолган пайтлари ҳам бўлди.
Kun.uz ўзбек хонадонларининг қадрли меҳмони – «Заковат» телеўйини, унинг муваффақияти ва қийин ўтган йиллари ҳамда жорий мавсумда президент эътибори сабаб «қайта туғилиши» ҳақида унинг бошловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Абдурасул Абдуллаев билан интервью уюштирди.
— Абдурасул ака, сизни «Заковат» интеллектуал ўйинларида олиб борувчи сифатида таниганмиз ва айни шу лойиҳа сабаб сиз барча ўзбек хонадонларининг қадрли меҳмонига айланиб қолгансиз.
Абдурасул Абдуллаев «Заковат»гача ким эди?
— «Заковат»гача ҳам ҳамма қатори оддий инсон бўлганман. Лекин кўп китоб ўқиганман.
Ёшлигимда Юнусобод туманининг чеккароқ ҳудудида уйимиз, унинг ҳовлисида эса боғимиз бўларди. Эсимда, 4–5-синфларда ўша боғдаги узумларни қушлардан қўриқлаб ўтирардим. Бир куни бу иш мени зериктирди ва қўлимга китоб олдим. Бу китоб Лев Толстойнинг «Анна Каренина» романи эди. Китоб 900 саҳифали экан, ўқиб рости, ҳеч нарса тушунмаганман. Бунинг устига китобнинг жуда кўп варақлари тушиб қолганди.
Кейинчалик Санъат ва маданият институтига ўқишга кирдим. Талаба бўлганимда биринчи ишим шу институт кутубхонасига кириб, «Анна Каренина»ни топиб ўқиш бўлган. Тушунмаган жойларимни ўқитувчилардан сўраб ўқидим.
Хуллас, мутолаа мени доим савол-жавобларга, тафаккурга рўпара қиларди. Китобларни ўқигач, хаёлимда саволлар пайдо бўлаверарди. Нега бундай? Қандай қилиб? Қачон?..
Ҳозир китобхонлик ҳақида кўп гапириляпти, совғалар қўйиб, китобхонлик танловлари ўтказиляпти. Лекин менга қолса, танловларни умуман бошқача шаклда ўтказган бўлардим. Чунки танловнинг ҳозирги формаси ҳақиқий китобхонни аниқлаш учун жуда мураккаблаштириб юборилган.
— Ўртадаги маълум турғунлик, тушкунлик ва иложсизлик давридан кейин «Заковат» яна қайтмоқда. Унга давлат раҳбари алоҳида эътибор қаратилишини айтди.
Айтингчи, сиз бу интеллектуал ўйиннинг бошига қандай келиб қолгансиз?
— Инсон келажак йўлини ўзи топади. Мен «Заковат»га у бошлангунча ҳам тайёр бошловчи ва муаллиф эдим. Чунки, биринчидан, китобни яхши кўраман, иккинчидан, ўзим радиобошловчи, олий тоифали сухандон эдим. «Заковат»ни тайёр ҳолга келгунча уни хаёлимда анча вақт пишитдим.
Бу лойиҳа ҳозир ҳам дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларида ўйналади.
Уни Ўзбекистонда ҳам ўтказишга руҳсат олиш учун Россиядаги «Что? Где? Когда?» кўрсатуви муаллифларидан рухсат олиш керак бўлди. Россияга бордим.
Кўрсатув муаллифлари менга майли очавер, лекин лойиҳа номини «Что? Где? Когда?», деб қўясан дея талаб қўйишди. Мен эса рози бўлмадим. Чунки кўрсатув ўзбекча номланиши керак эди. Ўша пайтда мен мақсадимга эришиш учун озгина айёрлик ҳам ишлатганман. «Что? Где? Когда? таржимаси ўзбекчада «Заковат» бўлади, деб уларни ишонтирганман.
— Нега бу ўйинлар тарихидаги илк авлод билимдонлари биз учун кўпроқ қадрли? Нима учун доим уларни соғинамиз?
— Сабаби улар биринчи қалдирғоч. Биринчини эса ҳамма эслайди. Фарҳод, Зебо, Ҳабибулло, Дилшод каби билимдонларни бугун кўпчилик эслайди.
Бу ўйинда асосан ҳис-ҳаяжонга эътибор берилади. Томошабин қаршисидаги ўйинга муздай бўлиб, ҳис-ҳаяжонларсиз чиқиб бўлмайди. Ғалабадан руҳланмаган билимдонларни томошабин қабул қилмайди.
Уларга “мен режиссёр бўлсам, сизлар актёрсизлар”, деб ўргатганман. Рол шундайки, улар билимли инсон ролини ўйнашади. Энг қизиғи, бу уларнинг ўзи.
Биринчи авлод билимдонларига шуларни ўргатиб, актёрликдан ҳам сабоқ берганман. Шунинг учун ҳам одамлар уларни кўпроқ эслайди.
Сиз менимча, саволингиз мазмунини улар «Заковат»дан нега кетиб қолган деган томонга ҳам буряпсиз?
— Ҳа, лекин қўрқиб турибманки, кўнглингизни оғритиб қўймасмиканман.
— Йўқ, кўнглим оғримайди, агар уларники оғримаса. Чунки мен уларни қандай сабаб билан кетиб қолишгани, нимадан орамиз бузилганини яхши биламан.
Ҳа, биз улар билан илк парвозимизни қилдик. Уларни ёрдами билан «Заковат» илк қадамларини қўйди.
Биринчи авлод билимдонлари бу ўйиннинг биринчи босқичидан кутилган вазифаларни бажаришди. Ўша пайтда менинг мўлжалимда иккинчи босқич — саволларни қийинлаштириш орқали даражамизни Москвадаги ўйинларга яқинлаштириш турарди.
Биз ўйинларни оддийроқ саволлар билан бошлаган эдик. Бу ҳақда болаларни огоҳлантирганман ва саволлар даражасини кўтардим. Лекин айни шу босқичда уларда қийинчиликлар пайдо бўла бошлади. Кетма-кет мағлубиятлар бошланди. Шундай мағлубиятли ўйинларнинг биридан кейин билимдонлар менга биз ютқасмаслигимиз керак, дея мурожаат қилишди.
— Бу юлдузлик касалимиди?
— Билмадим, лекин аниқки, соғлом муҳит эмасди. Номардлик бўлмасин, мен уларга доим раҳмат айтаман. Хуллас, улар бурилишди ва кетишди.
Уларнинг ортида янги ва ёш билимдонлар кўп эди ва улар ўрин бўшагач, табиийки, муаммосиз ўйинга кириб кетишди.
Хуллас, ўша пайтларда лойиҳа учун шунчалик жон куйдириб ишлардикки, мен ҳар куни тушимда «Заковат»ни кўриб чиқардим.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Эслатма: Интервью давомида Абдурасул Абдуллаев томонидан ютуқли савол ҳам ўйналган. Сиз Kun.uz’нинг Youtube саҳифасида юкланган ушбу видео остига биринчи бўлиб тўғри жавобни йўллашингиз ва ютуққа эга чиқишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Муҳиддин Нидо.
Мавзуга оид
19:38 / 06.08.2024
“Заковат” Осиё кубогида Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозонди
10:04 / 06.08.2024
Саида Мирзиёева: “Жадидлар ҳам, Алаш ҳаракати ҳам халқни озод қилишга интилган”
22:57 / 05.08.2024
“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар – бутун дунёга намуна” — Саида Мирзиёева
17:39 / 05.08.2024